Читать книгу: «Ибтидо», страница 5

Шрифт:

Тўққизинчи боб

Спирал ичидаги катта майдонда икки киши ўртасига жимлик чўкди.

“Маслаҳатингизга муҳтожман… менинг ҳаётим шунга боғлиқ, деб қўрқаман.”

Эдмонднинг сўзлари ҳавода муаллақ қолгандек эди, Лэнгдон дўстининг кўзларидаги қўрқувни кўриб, хавотирланиб сўради:

– Эдмонд, нималар бўляпти ўзи? Аҳволинг яхшими?

Чироқлар яна ўчиб-ёнишни бошлади, лекин Эдмонд бунга эътибор қилмади.

– Бу йил мен учун эсда қоларли йил бўлди, – деди у шивирлаб, – ёлғиз ўзим оламшумул кашфиётга олиб келган лойиҳа устида ишладим.

– Ажойиб.

Кирш бош силкиди:

– Ростдан ҳам ажойиб. Янгилигим тўғрисида бутун оламни хабардор қилишни қанчалик интизорлик билан кутаётганимни таърифлашга тил ожиз. Кашфиётим инсонлар онгида тўнтариш ясайди. Муболағасиз айтяпман: кашфиётим таъсири Коперник инқилобига тенгдир.

Лэнгдон шогирдим ҳазиллашяпти, деб ўйлади, аммо Эдмонднинг қиёфаси ҳамон жиддий эди.

“Коперник инқилоби?” Гарчанд Эдмонд камтарлик борасида мақтана олмаслигини билса ҳам, унинг бу галги даъвоси Лэнгдонга ўтакетган бемаъниликдек эшитилди. Николай Коперник гелиоцентризм моделининг асосчиси ҳисобланади. У 16‐асрда барча сайёралар Қуёш атрофида айланишини исботлаганди. Бу эса Худо яратган оламнинг маркази Ер экани, ҳамма сайёралар, ҳатто Қуёш ҳам одамзод яшовчи замин атрофида айланишини уқтирувчи анъанавий черков таълимотини йўққа чиқариб, ҳақиқий илмий инқилоб ясаганди. Коперникнинг кашфиёти черков томонидан уч аср мобайнида рад этилиб, қораланса‐да, ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Коперник дунё харитасини ўзгартирган олим сифатида тарихда қолди.

– Ишонмаяпсиз‐а? – деди Эдмонд. – Агар кашфиётимни Дарвин назариясига қиёсласам‐чи?

– Иккиси ҳам бир, – жилмайди Лэнгдон.

– Яхши, ундай бўлса айтинг‐чи, бутун тарихимиз давомида инсониятнинг ўзига берадиган икки асосий саволи нима?

Профессор ўйланиб қолди.

– Ҳмм… Менимча саволлар: “Ҳаёт қандай бошланган? Биз қандай пайдо бўлганмиз?” бўлса керак.

– Мутлақо тўғри. Айтганларингизнинг иккиси ҳам битта савол саналади. Иккинчи савол эса биринчисининг мантиқий давоми сифатида “Биз қаердан пайдо бўлганмиз?” эмас… балки…

– “Бизни олдинда нима кутмоқда?”

– Айнан шундай! Мана шу икки жумбоқ инсон тажрибасининг асосини ташкил қилади. Биз қаердан пайдо бўлганмиз? Бизни олдинда нима кутмоқда? Инсоният ибтидоси ва инсоният тақдири – умумбашарий жумбоқдир, – Эдмонд кўзларини катта‐катта очиб, хавотир билан Лэнгдонга қаради. – Роберт, менинг кашфиётим… иккала саволга аниқ жавоб беради.

Лэнгдон иложи борича Эдмонднинг оғзидан чиққан жумлаларни тушуниб, мағзини чақишга уринарди.

– Мен… нима дейишни билмайман, рости…

– Бирор нарса дейишга ҳожат йўқ. Бу масалани тақдимотдан сўнг бафуржа муҳокама қилишга вақтимиз бўлади ҳали. Айни дамда мени бошқа нарса – кашфиётимнинг эҳтимолий салбий оқибати ташвишга солмоқда.

– Қандайдир кўнгилсизлик бўлишидан чўчияпсанми?

– Бунга шубҳам йўқ. Иккала жумбоққа жавоб топиш орқали асрлар давомида қарор топган диний таълимотлар билан ихтилофга киришдим. Инсон ибтидоси ва инсон тақдири ҳақида гапириш анъанага кўра, динларнинг томорқаси бўлиб келган. Мен эса бегона ҳудудга бостириб кирдим. Дунё динлари мен эълон қилмоқчи бўлган нарсани бағрикенглик билан қабул қилмаслиги кундек равшан.

– Шошма, демак, ўтган йили Бостондаги тушлик устида дин ҳақида гапириб, нақ икки соат бошимни қотирганинг бекорга эмас экан-да? – сўради Лэнгдон.

– Шундай. Эсингизда бўлса, бизнинг асримизда барча диний тўқималар илмий кашфиётлар сабабли бутунлай йўқликка маҳкум этилади, деб сизга ваъда бергандим.

"Буни унутиб бўларканми", деб хаёлидан ўтказди Лэнгдон. Киршнинг ишонч билан айтган сўзлари Лэнгдоннинг хотирасида сўзма‐сўз сақланиб қолганди.

– Ёдимда, Эдмонд. Сенинг фикрингга қарши чиқиб, дин минг йиллардан бери илм‐фандаги мислсиз кашфиётларга бардош бериб келаётгани ва у жамиятда муҳим аҳамиятга эга эканини айтгандим. Албатта, динлар ҳамиша ўзгариб келган, ўзгаришда давом этади, лекин ҳеч қачон ўлмайди.

– Шундай. Мен ҳам сизга илмий ҳақиқатларни юзага чиқариш орқали барча динларни Ер юзидан супуриб ташлаш ҳаётимдаги ягона мақсадга айланганини таъкидлагандим.

– Ҳаа, қаттиқ гапиргандинг.

– Ўшанда менга агар қачондир диний таълимотларни рад қиладиган ёки уларга мос келмайдиган “илмий ҳақиқат”ни кашф қилсам, уни бирорта диний олим билан муҳокама қилишим зарурлигини маслаҳат бергандингиз. Бунинг натижасида фан ва дин кўпинча бир ҳикояни икки тилда айтишини англашим мумкинлигини айтгандингиз.

– Худди шундай. Олимлар ва диндорлар оламнинг айни бир хил сирларини тасвирлашда турли луғатлардан фойдаланишади. Улар орасидаги ихтилоф одатда модда эмас, маъно сабаб вужудга келади.

– Мен маслаҳатингизга амал қилдим, Роберт, – давом этди Кирш. – Ва диний раҳнамоларга кашфиётимни ошкор этдим.

– Нима?

– “Дунё динлари парламенти” ҳақида эшитганмисиз?

– Бўлмасам‐чи! – Лэнгдоннинг динлараро муносабатларни йўлга қўяётган “Дунё динлари парламенти”га ҳурмати баланд эди.

– Бу йил, тасодифни қарангки, Парламент ўзининг йиғилишини Барселона ташқарисидаги Монсеррат Аббатлигида ўтказди. У ергача уйимдан атиги бир соатлик йўл эди.

“Мафтункор гўша”, ўйлади Лэнгдон. У кўп йиллар аввал аббатликка борганди.

– Хуллас, Парламент йиғилиши айнан мен илмий янгилигимни эълон қилишни режалаган вақтимга тўғри келиб қолди. Ўйладимки…

– Бу Парвардигорнинг инояти дебми?

Кирш кулиб юборди:

– Шунга ўхшаш. Кейин улар билан боғландим.

– Бутун Парламентга мурожаат қилдингми? – ҳайратда сўради Лэнгдон.

– Йўқ, албатта. Бу жуда хавфли бўларди. Ўзим эълон қилмагунча кашфиётим тарқалиб кетишини истамадим. Шунинг учун фақат учта диний раҳнамо – насронийлик, ислом ва яҳудийликнинг биттадан вакили билан учрашув белгиладим. Тўрталамиз махфий кутубхонада йиғилдик.

– Наҳотки, сени кутубхонага қўйишган бўлса? – Лэнгдон ҳайратланди. – У ерга ташқаридагилардан ҳеч кимнинг қадами етмайди, деб эшитгандим.

– Мен шунчаки ҳеч қандай телефон, камера ва гувоҳларсиз учрашув жойи белгилашни сўрагандим, мени кутубхонага олиб боришди. Янгиликни етказишдан олдин уларни барча айтганларимни сир сақлашга қасам ичирдим. Шу бугунгача учала раҳнамо кашфиётимдан бохабар ягона одамлардир.

– Қизиқ. Хўш, янгиликни улар қандай кутиб олди?

– Кўнгилдагидек эмас, шекилли, – Кирш хижолат тортиб қизарди. – Мени биласиз‐ку, Роберт, тезда қизишиб кетаман. Мендан ҳеч қачон яхши дипломат чиқмаган.

– Биламан, биламан. Умуман олганда, ҳиссиётларни жиловлаш машғулотлари халал бермасди сенга, – кулиб жавоб қайтарди Лэнгдон. “Стив Жобс ва бошқа кўплаб даҳоларга хос характер ўзи бу.”

– Тарки одат амри маҳол, дегандек, – сўзлашда давом этди Кирш, – раҳнамолар билан суҳбатимни ҳақиқатни дангал айтишдан бошладим. Яъни динларни оммавий иллюзиянинг бир тури деб ҳисоблашимни, миллиардлаб ақлли кишилар тўғри йўлни топиш ва хотиржамликка эришиш учун эътиқодларга суянишини олим сифатида умуман тушунмаслигимни айтдим. Шунда раҳнамолар ҳурматимиз деярли йўқ бўлса, нега ёнимизга гаплашгани келдингиз, деб сўрашди. Мен оддийгина қилиб, уларнинг кашфиётим тўғрисидаги фикрларини билмоқчилигимни баён қилдим. Шу орқали оммага овоза қилганимдан сўнг дунё диндорлари уни қандай қабул қилишини аниқламоқчи эканимни таъкидладим.

– Ҳақиқий “дипломатча” ёндашув, – деди Лэнгдон кулгидан кўзлари қисилиб. – Ҳақиқатни айтиш доим ҳам тўғри сиёсат эмаслигини биласан‐ку?

Кирш эътиборсиз қўл силтади:

– Диний қарашларимни ҳеч қачон яширмаганман. Раҳнамолар самимийлигимни қадрлашади, деб умид қилгандим. Чучварани хом санабман. Хуллас, кейин мен уларга ишимни намойиш қилдим, нимани кашф қилганимни ва кашфиётим қандай қилиб ҳамма нарсани ўзгартириб юборишини ипидан‐игнасигача тушунтирдим. Ҳатто телефонимни олиб, баъзи видеоларни кўрсатдим. Тан оламан, видеолар бироз этни сескантирадиган эди. Раҳнамолар тилини ютиб юборгандек, бир сўз айта олишмади.

– Наҳотки, бир оғиз ҳам гапиришмаган бўлса? – Киршнинг кашфиётига Лэнгдоннинг қизиқиши ортиб бораётганди.

– Рости, қизғин баҳс кутгандим, аммо анави насроний роҳиб қолган иккитасининг оғзини ёпиб, дамини чиқармай қўйди. У кашфиётни эълон қилишни қайта ўйлаб кўришга ундади. Мен бу ишни келаси ойга мўлжаллаганимни айтдим.

– Ия, келаси ой? Ахир, сен бугун эълон қилмоқчисан‐ку?

– Шунақа қилишимга тўғри келди. Раҳнамолар ваҳима қилиб, ишимга халал бермаслиги учун уларга янгилик баёноти бир неча ҳафтадан сўнг бўлади, деб қўя қолдим.

– Бугунги тақдимотдан улар хабар топса‐чи? – сўради Лэнгдон.

– Бундан ажабланишмаса керак. Айниқса, улардан бири, – Кирш кўзларини Лэнгдонга қадади. – Учрашувимизни ташкиллаган епископ Антонио Вальдеспино эди, уни танийсизми?

Лэнгдон ўйланиб деди:

– Мадридликми у?

Кирш бош силкиб, тасдиқлади:

– Худди ўзлари.

“Эдмонднинг радикал атеизми учун боп номзод эмас бу шахс”, хаёлидан ўтказди Лэнгдон. Вальдеспино Испан католик черковининг энг қудратли намояндаси бўлиб, у ўта мутаассиб қарашлари ҳамда испан қиролига кучли таъсири туфайли донг таратганди.

– Бу йил Вальдеспино Парламент йиғилишига мезбонлик қилди, – изоҳ берди Кирш. – Шу боис учрашув тўғрисида унга мурожаат қилдим. Вальдеспино юзма‐юз кўришишни таклиф этди, мен эса ўз навбатида ислом ва яҳудийликдан биттадан вакил чақиришини сўрадим.

Юқоридаги чироқлар учинчи марта ўчиб‐ёна бошлади.

Кирш чуқур хўрсинди, овозини янада пастлатиб давом этди:

– Роберт, намойишим олдидан сиз билан гаплашмоқчи бўлганимга сабаб, сизнинг маслаҳатингизга муҳтожман ҳозир. Нима деб ўйлайсиз, епископ Вальдеспино хавфли бўлиши мумкинми?

– Хавфли? – ажабланди Лэнгдон. – Қайси маънода?

– Кўрсатган нарсаларим унинг дунёсига таҳдид солади. Шунинг учун сиздан сўраяпман: Вальдеспино менинг ҳаётимга хавф солишга қодирми?

Лэнгдон дарҳол бош чайқади:

– Мутлақо! Вальдеспинога нима деганингни аниқ билмайман… Албатта, у испан католик черковининг муҳим таянчи, испан қироллик оиласи билан яқин алоқалари унинг нуфузини янада оширади. Аммо биринчи ўринда у – роҳиб, қотил эмас. Вальдеспино сиёсий кучга эга, одамларни сенга қарши қўйиб, ваъз ўқиши мумкин. Бироқ сенга жисмонан зарар етказади, деб ўйламайман.

Кирш унча ишонмади:

– Монсерратни тарк этаётганимда менга қанақа қараганини сиз кўрмадингиз-да. Нақ еб қўйишга тайёр эди.

– Ўзинг ўйла, ибодатхонанинг муқаддас кутубхонасида ўтирганча, руҳонийга унинг бутун бошли эътиқод тизими ёлғон деб айтгач, Вальдеспино сенга чой ва ширинлик беришини кутганмидинг? – хитоб қилди Лэнгдон.

– Жуда унчалик эмас‐у, – тан олди Кирш, – ҳар ҳолда, учрашувимиздан сўнг менга таҳдидли аудиохабар юборишини кутмагандим.

– Руҳоний Вальдеспино сенга қўнғироқ қилдими?

Кирш жавоб бериш ўрнига курткасининг чўнтагига қўл солиб, одатдагидан кўра анча салмоқли смартфон чиқарди. Телефоннинг зангори корпуси олтибурчакли шакллар билан безатилганди. Лэнгдон каталониялик машҳур модернист – архитектор Антони Гауди ижодига мансуб мозаикани дарҳол таниди.

– Мана, эшитинг! – деди Кирш телефоннинг бир неча тугмачасини босиб, Лэнгдонга тутди. Смартфон карнайидан ёши катта эркакнинг хириллаган ва жаҳлдор овози эшитилди:

“Жаноб Кирш! Епископ Антонио Вальдеспино гапиряпти. Билганингиздек, тонгги учрашувимиз мен ва икки ҳамкасбимни чуқур хавотирга қўйди. Зудлик билан менга қўнғироқ қилинг, бу масалани муҳокама қилиб олишимиз даркор. Ва яна янгиликни оммага эълон қилишнинг хавфи ҳақида яна бир бор огоҳлантираман сизни. Агар алоқага чиқмасангиз, шуни билиб қўйинг: мен ва ҳамкасбларим кашфиётингиз тўғрисида сиздан аввалроқ шундай баёнот берамизки, топилмангизнинг аҳамиятини пасайтириб, дунёга солаётган таҳдидингиз миқёсини камайтирамиз… Сиз туғдираётган хавф миқёсини ўзингиз ҳам тасаввур қилолмайсиз ҳатто. Қўнғироғингизни кутаман ва сабримни синашни маслаҳат бермайман, жаноб Кирш.”

Шу ерда хабар якунланди.

Вальдеспинонинг таҳдидли товуши ҳатто Лэнгдонни ҳам сескантириб юборганди. Бу сесканиш Эдмонднинг яқинлашаётган эълонига бўлган қизиқишини баттар кучайтирди.

– Хўш, сен қандай жавоб бердинг?

– Ҳеч қандай, – деди Эдмонд телефонини чўнтагига қайта жойларкан. – Вальдеспинонинг хабарини қуруқ таҳдид деб қабул қилдим. Раҳнамолар кашфиётимни эълон қилгандан кўра ўзи билан гўрга олиб кетишни афзал биларди, бунга иймоним комил. Қолаверса, тақдимотнинг бугун бўлишидан бехабар бўлгани сабабли улар ҳеч қанақасига янгиликни мендан олдин эълон қила олмаслигини билардим. Шунга кўпам хавотирга тушмадим, – Кирш гапдан тўхтаб, Лэнгдонга назар солди. – Ҳозир эса… Билмадим… Епископнинг овозидаги нимадир… миямга ўрнашиб қолди…

– Ҳаётим хавф остида, деб ўйлаяпсанми? Шу ерда, шу бугун?

– Йўқ‐йўқ. Меҳмонлар рўйхати қаттиқ назорат қилинди. Бу бинонинг хавфсизлик тизими ҳам бекам‐кўст ишлайди. Шунчаки… Омма олдига чиққанимда нима бўлишидан ташвишланяпман… – шундай дегач, Эдмонд тўсатдан ҳушига келган одамдек узр сўрай кетди: – Ғирт аҳмоқона гапларни гапиряпман. Томоша олдидан бўладиган ҳаяжон таъсири чоғи… Вальдеспино тўғрисидаги фикрларингизни билмоқчи эдим, бошингизни кўп қотириб юбордим.

Лэнгдон диққат билан Эдмондни кўздан кечирди. Шогирдининг ноодатий тарзда оқариб кетган юзи, беғубор кўзларида қотиб қолган қўрқув аҳвол яхши эмаслигини кўрсатарди.

– Фикрим шундай: қанчалик жаҳлини чиқарган бўлма, Вальдеспино икки дунёда ҳам ҳаётингга дахл қилмайди.

Чироқлар нимадандир сигнал бергандек яна ўчиб‐ёнди.

– Ҳа майли, раҳмат сизга, – Кирш соатига қаради. – Боришим керак. Кейинроқ кўришсак бўладими? Кашфиётнинг айрим жиҳатларини сиз билан муҳокама қилиб олмоқчиман.

– Албатта.

– Жуда соз. Намойишдан кейин тўс‐тўполон кўтарилиши турган гап, ўшанда сиз билан холи гаплашиб оламиз, – Эдмонд ташриф қоғозини чиқариб, орқасига нимадир ёзди ва Лэнгдонга тутқазди. – Ҳаммаси тугагач, такси ушланг ва мана шу ташриф қоғозини унга беринг. Исталган маҳаллий такси ҳайдовчиси сизни қаерга олиб боришни тушуниб олади.

Лэнгдон қўлидаги митти тўртбурчак картанинг орқасига қараб, бирор маҳаллий меҳмонхона ёки ресторан манзили ўрнига кўпроқ сирли кодга ўхшаш ёзувга кўзи тушиб, ажабланди.

BIO ES346

– Эдмонд, шуни кўрсатишим керакми ҳайдовчига?

– Худди шундай. У қаерга боришни тушунади. Соқчиларга сизни ўша ерда кутиб олишини айтиб қўяман. Ўзим ҳам иложи борича тезроқ етиб боришга ҳаракат қиламан.

“Соқчилар?” Лэнгдоннинг қовоғи уйилди. “BIO ES346 қанақадир яширин илмий лабораториянинг шартли номига ўхшайди.”

– Бу жудаям содда код, Роберт, – кўз қисди Эдмонд. – Сизга ўхшаган одамга чўт эмас ечиш. Дарвоқе, бугун сиз ҳам саҳнада кўринасиз. Тақдимотда муҳим ролингиз бор.

Лэнгдон таажжубланди:

– Яна қанақа роль бўлди?

– Хавотир олманг. Сиздан ҳеч нарса талаб қилинмайди, – шундай деб Эдмонд Кирш спиралнинг чиқиш эшиги томон юрди. – Томошабинлар олдига чиқиш вақтим бўлди. Уинстон сизга йўл кўрсатади, – у эшик ёнида бир зум тўхтаб, ўгирилди ва хўрсиниб деди: – Оқшом тугагач учрашамиз, Роберт. Вальдеспино борасида адашмадингиз, деб умид қиламан.

Лэнгдон уни тинчлантирди:

– Эдмонд, хотиржам бўл, илтимос. Бор диққатингни намойишингга қарат. Ишон менга: диний раҳнамолар сенга зарар келтирмайди!

Кирш унга иккиланиб қаради:

– Бугун намойишда айтмоқчи бўлганларимни билганингиздан кейин, Роберт, фикрингизни ўзгартирасиз, деб қўрқаман.

Ўнинчи боб

Де ла Алмудена ибодатхонаси ҳудудида Рим католик черковининг Мадриддаги архиепархияси жойлашган. Неоклассик услубда қурилган черков собори қироллик саройига ёнма‐ён тикланган. Қадимий мусулмон масжиди ўрнида барпо этилган бу муҳташам бинонинг номи арабча “ал‐мудайна” сўзидан келиб чиқиб, “қалъа” деган маънони беради.

Афсоналарга кўра, Қирол Алфонсо VI 1083 йил Мадридни мусулмонлар ҳукмидан қайтариб олгач, маврлар босқини даврида йўқолган Биби Марямнинг муқаддас ҳайкалини қидиришга киришади. Миш‐мишларга кўра, шаҳар аҳолиси маврлардан асраш учун ҳайкални қалъа деворлари орасига кўмиб юборган эди. Натижа бўлмаса ҳам, Алфонсо узоқ муддат қидиришдан тўхтамади. Кунларнинг бирида қалъа деворининг бир қисми қулаб тушиб, йиғилганлар кўз ўнгида Биби Марям ҳайкали намоён бўлади. Ҳайкал ёнида асрлар муқаддам қўшиб кўмилган шамлар ҳануз ўчмасдан, ёғду таратиб турган эмиш…

Бугунги кунда Биби Марям Алмудена Мадриднинг муқаддас авлиёси ҳисобланади. Алмудена соборининг ўзи эса ҳар куни муқаддас илоҳага сиғиниш ёки шунчаки томоша қилиш илинжидаги минглаб зиёратчилар ва сайёҳлар билан тўлиб кетади. Соборнинг қироллик саройи биқинида жойлашгани ташриф буюрувчиларга саройга кириб чиқаётган қирол оила аъзоларини томоша қилишдек қўшимча имконият беради.

Айни оқшом черков йўлакларининг бирида ўсмир ёшдаги черков ёрдамчиси ваҳима ичида югургилаб борарди.

“Епископ Вальдеспино қаерда қолди экан?!

Ибодат бошланиш арафасида, ахир!”

Бир неча ўн йилдан буён Антонио Вальдеспино собор бош руҳонийси вазифасини ўтаб келмоқда. Қиролнинг узоқ йиллик қадрдон дўсти ва диний маслаҳатчиси бўлган Вальдеспино анъаналарга содиқлиги, консерватив қарашлари ҳамда модернизмдан нафратланиши билан донг таратганди. Саксон учга кирганига қарамай, руҳоний ҳалигача Муқаддас ҳафта давомида оёғига риёзат кишанларини таққанча, шаҳар кўчалари бўйлаб муқаддас ҳайкалчаларни кўтариб юрувчиларга қўшиларди.

“Вальдеспинодек одам ҳеч қачон ибодатга кечикмасди, тинчликмикан?!”

Атиги йигирма дақиқа аввал ёрдамчи бола кийиниш хонасида Вальдеспинога ридо кийишга кўмаклашганди. Эндигина тайёр бўлган маҳали руҳоний аллақандай хабар қабул қилди ва бир сўз айтмай шошганча ташқарига отилди.

“Қаерга кетди экан?”

Қўриқхона, кийиниш хонаси, ҳатто епископнинг шахсий ҳожатхонасигача текшириб чиққан ёрдамчи Вальдеспинони тополмагач, черковнинг бошқарув қисмидаги бош офисга қараб чопаётганди.

Узоқдан органларнинг жўр овози эшитилди.

“Намойиш мадҳияси янграмоқда!”

Болакай ҳаллослаганча Вальдеспино офиси олдида тўхтаб, эшикдан тушиб турган чироқ нурини кўриб таажжубланди.

"Епископ шу ердамикан?"

У оҳиста эшикни тақиллатди:

– ¿Excelencia Reverendísima?

Жимжитлик.

Эшикни қаттиқроқ тақиллатиб сўради:

– ¡¿Su Excelencia?!

Ҳеч қандай жавоб йўқ.

Қартайиб қолган епископнинг соғлиғидан хавотирга тушган ёрдамчи бола тутқични бураб, эшикни очди.

– ¡Cielos! – оҳ тортди ёрдамчи ичкарига қараб.

Епископ Вальдеспино қизил ёғочдан ишланган катта столи ёнида ноутбукига диққат билан термилиб ўтирарди. Унинг кийимлари қилт этмаганди – бошидаги митра, елкасидаги ридо жой‐жойида эди. Шоҳона ҳассаси деворга суяб қўйилганди.

Ёрдамчи томоқ қириб гап бошлади:

– La santa misa está…

– Preparada, – унинг гапини бўлди епископ экрандан кўзини узмай. – Padre Derida me sustituye11.

Ёрдамчининг кўзларида таажжуб учқунлари чақнади. “Дерида ота унинг ўрнига чиқади?” Дерида отадек оддий руҳоний шанба оқшомидаги ибодатни олиб бориши деярли ноодатий эди.

– ¡Vete ya!12 – деди Вальдеспино жаҳл билан. – Y cierra la puerta. (Эшикни ёп).

Қўрқиб кетган болакай зудлик билан хонадан чиқиб, эшикни ёпди. Мусиқа садолари янграётган залга қайтаркан ажабланди: “Руҳоний компьютерда нима кўраётган эканки, уни ҳатто Худо олдидаги бурчидан ҳам воз кечишга мажбур қилди.”

***

Бу дам адмирал Авила Гуггенҳайм музейи атриумидаги тўп‐тўп одамларни оралаб ўтиб бораркан, меҳмонларнинг аксарияти тақиб олган япалоқ қулоқчини билан гаплашаётганини пайқаб, ҳайрон бўлди. У музей бўйлаб аудиотур икки томонлама суҳбатга имкон беришини англади ва қулоқчиндан вақтида қутулганидан мамнун бўлди.

“Бугун ҳеч нарсага чалғимаслигим керак.”

Авила соатига қараб вақтни кўргач, лифтлар томонга кўз ташлади. Улар аллақачон асосий намойиш ўтказиладиган юқори қаватга кўтарилаётган меҳмонлар билан тўла эди. Авила зинадан чиқишга қарор қилди. Юқорига одимларкан, у танасида ўтган тундаги каби қалтироқни ҳис этди. “Наҳотки, ўлдиришга яроқсиз одамга айланиб қолган бўлсам?” Рафиқаси ва фарзандлари ҳаётига зомин бўлган худосиз жоҳиллар Авилани ҳар томонлама ўзгартириб юборганди. “Барча ҳаракатларимга Парвардигорнинг ўзи ижозат берган, – эслатди у ўз‐ўзига. – Қилаётган ишларим адолат тақозоси.”

Иккинчи қаватга етганда Авиланинг эътиборини зина яқинида турган аёл тортди. “Испаниянинг янги юлдузи”, деб ўйлади у соҳибжамолга кўз ташлаб.

Аёлнинг эгнидаги қора диагональ чизиқли оппоқ кўйлак хушқад танасига ёпишиб турар ва нозик қоматининг бутун гўзаллигини кўз‐кўз этарди. Унинг тим қора қалин сочлари, латиф ҳаракатлари нафақат Авила, балки бошқа йиғилганларнинг ҳам нигоҳини жалб этганди.

Оқ кўйлакли аёл атрофдагиларнинг ҳавасманд қарашларидан ташқари иккита бақувват соқчининг эътибор марказида эди. Соқчилар унга бир‐икки қадам нарида ёввойи мушук каби эҳтиёткорлик ва масъулият ила эргашиб борар, уларнинг кўк камзулига хоч тасвири билан бирга ҚГ бош ҳарфлари туширилган эди.

Авила соқчилар борлигидан ажабланмаса-да, уларни кўриб, юрак уриши тезлашди. Испан қуролли кучларининг собиқ аъзоси сифатида Авила ҚГ нима маъно англатишидан яхши хабардор эди. Бу икки соқчи қуролланган ва ер юзидаги энг яхши тайёргарликдан ўтган қўриқчилар қаторида эди.

“Улар шу ерда экан, бу ёғига эҳтиёт бўлишим зарур.”

– Ҳой! – кутилмаганда кимдир унинг ортидан чақирди.

Авила овоз келган томонга ўгирилди.

Унинг рўпарасида башанг костюм ва ковбойча шляпа кийиб олган қориндор кимса кулиб турарди.

– Кийимингизга гап йўқ! – мақтади у Авиланинг ҳарбий коржомасига ниқтаб. – Қаердан олдингиз буни?

Авила унга тикиларкан, мушти тугилди ва хаёлан деди: “Бир умрлик хизматим ва қурбонликларим эвазига олдим.” Сўнг елка қисганча:

– No hablo ingles13 – дея жавоб қайтарди ва зинадан кўтарилишда давом этди.

Учинчи қаватда Авила узун коридорга дуч келди. Девордаги “Ҳожатхона” белгисига эргашиб, йўлак охирига қараб юрди. Манзилига етай деганда музейдаги чироқлар ўчиб‐ёнишни бошлаб, меҳмонларни назокат билан намойишлар залига чорлади.

Авила бўм‐бўш ҳожатхонага кириб, энг чеккадаги кабинага кирди ва эшикни ичкаридан қулфлади. Ёлғиз қолгач, у қалбида ўзига яхши таниш иблисларнинг уйғонаётганини, уни қайта чоҳга итаришмоқчилигини ҳис қилиб, юрагини ваҳима чулғаб олди.

“Орадан беш йил ўтди, лекин хотиралар ҳануз таъқиб қилади мени.”

Жаҳли чиққан Авила миясидаги қўрқувни қувиб чиқаришга уринди ва чўнтагидан тасбеҳни чиқарди. Эҳтиёткорлик билан уни эшикдаги кийим илгичга илиб қўйди. Кўз олдида аста‐секинлик билан тебранаётган тасбеҳ доналари ва хочни кўриб, ўз меҳнатига тасанно ўқиди. Оддий одам Авиланинг бу тасбеҳни ясашдан мақсадини билиб қолса, даҳшатга тушиши турган гап эди. Аммо Регент иложсизликдан қилинган гуноҳлар кечирилишига Авилани ишонтирганди.

Агар мақсад муқаддас бўлса, – таъкидлаганди Регент, – Парвардигор барчасини афв этади”. Авиланинг нафақат руҳи, балки танаси ҳам ҳимоя остида эди. У панжасидаги татуировкага қаради.


Исо Масиҳ номи билан аталган қадимий монограмма – масиҳий сингари унинг татуировкаси ҳам ҳарфлардан иборат рамзий белгини англатарди. Регентнинг кўрсатмасига биноан, бу белгини Авиланинг ўзи уч кун олдин махсус игна ва сиёҳ ёрдамида чизди. Агар мабодо қўлга тушиб қолса, у қўлидаги татуировкани соқчиларга кўрсатиши, шунда бир неча соат ичида қўйиб юборилишини Регент икки карра таъкидлаганди.

“Бизнинг орамизда ҳукуматдаги олий мартабали шахслар бор”, деганди Регент ўшанда.

Аллақачон бунинг исботини кўришга улгурган Авила учун татуировка ҳимоя қобиғи вазифасини ўтарди гўё. “Анъаналарни ҳурмат қилувчи зотлар ҳалиям бор экан.” Офицер кун келиб ана шу элита қаторига қўшилишдан умидвор, ҳозирча эса ҳар қандай вазифани бажаришга тайёр эди.

Кабинада Авила телефонини олди ва берилган махфий рақамни терди:

Биринчи гудокдаёқ овоз эшитилди:

– Sí?

– Estoy en posisión14, – деди Авила якуний кўрсатмани кутиб.

– Bien,– жавоб қайтарди Регент, – Tendrás una sola oportunidad. Aprevecharla será crucial. Сизда фақат битта имконият бўлади, уни қўлдан чиқармаслигингиз шарт!

11.Дерида ота бугун ўрнимга ўтади
12.Йўқол!
13.Инглизча гаплаша олмайман.
14.Айтилган жойдаман.
85,60 ₽
Возрастное ограничение:
0+
Дата выхода на Литрес:
06 февраля 2023
Объем:
12 стр. 21 иллюстрация
ISBN:
978-9943-23-179-5
Переводчик:
Правообладатель:
Asaxiy books
Формат скачивания:
epub, fb2, fb3, ios.epub, mobi, pdf, txt, zip