Читать книгу: «Ибтидо», страница 2

Шрифт:

Иккинчи боб

Нотаниш шаҳарда, ташландиқ қовоқхонанинг бар столида адмирал Луи Авила ўтирибди. Ҳозиргина олис саёҳатдан қайтган адмирал жуда толиқди. Ўзига юклатилган вазифани бажариш учун ўн икки соат ичида бир неча минг миль йўл босишга мажбур бўлди. У олдида турган минерал сувнинг иккинчи стаканини ҳам сипқорди, барга териб қўйилган ранг‐баранг шишаларга кўз ташлади.

“Ҳар қандай киши саҳрода ҳушёр юриши мумкин, лекин водийда бўла туриб спиртли ичимликдан воз кечиш фақат касбига садоқатлиларнинг қўлидан келади”, минғиллади у.

Бир йилдирки, Авила оғзига шайтоннинг сувини яқинлаштирмайди. Ҳозир тасодифан бар ойнасида ўз аксини кўриб, мамнуният ҳиссини туйди. У қариш зарардан кўра фойдага ишлайдиган кам сонли Ўрта ер денгизилик одам эди. Ёши ўтган сари юзида сабза урган қалин, қора туклар майинлашиб мош‐гуруч соқолга айланди, ёниб турган кўзларида ўзига бўлган мустаҳкам ишонч акс этганди, қуёшу шамолларда тобланган таранг буғдойранг терисига улуғлик бағишлаб ажин оралади.

Олтмиш учга кирган бўлса ҳам, Авила ҳануз бақувват ва чайир эди. Эгнидаги коржомаси – кенг ёқали оқ костюм, тилларанг погон, кўкракка тақилган медаллар шодаси, крахмал билан қотирилган ёқа ва дазмолланган оқ шойи шим унга шоҳона кўркамлик бахш этарди.

“Испан армадаси ортиқ “Енгилмас” ҳисобланмаса‐да, офицерларни қандай кийинтиришни эсдан чиқармаган.”

Адмирал байрамона мундирини анчадан бери киймай қўйганди. Лекин бугун ўзгача кеча. Бироз олдин нотаниш шаҳарнинг кўчалари бўйлаб сайр қиларкан, аёлларнинг унга ҳавас билан тикилиши, эркакларнинг беихтиёр йўл бўшатишини кўриб роҳатланди.

Ватан олдида бурчини бажарганлар ҳамиша ҳурмат топади.

– ¿Otra tónica?2

– деб сўради кўҳликкина бариста қиз жилмайиб. Унинг ёши тахминан ўттизларда бўлиб, қадди‐қомати келишган, юзида ўйноқи табассум жилваланарди.

Авила бош чайқади: – No, gracias3.

Қовоқхона бўм‐бўш эди. Баристанинг ҳавас аралаш нигоҳларини сезгач, адмиралнинг кайфияти чоғ бўлиб ўйлади: “Тубсиз жардан яна ҳаётга қайтдим”.

Беш йил илгари содир бўлган даҳшатли воқеа Авиланинг хаёлини бир зум тарк этмай таъқиб қилади. Ўшанда она замин қулоқни қоматга келтириб фарёд чеккан ва бағри ёрилиб, Авилани тириклай ютиб юборганди.

***

Севилья бош ибодатхонаси.

Пасха тонги.

Андалусия қуёшининг заррин ёғдуси черков деразаларининг ранг-баранг ойналаридан ўтиб, тош деворларда ўзгача рангларда жилваланарди. Минглаб дуогўйлар Исо Масиҳнинг қайта тирилиши мўъжизасини шодлик билан нишонламоқда. Уларнинг хорига қўшилган органнинг товуши бинони ларзага келтириб, кўтаринки кайфият уйғотади.

Тиззалаган кўйи меҳроб қаршисида ўтирган Авиланинг юраги шукроналикдан хаприқмоқда. У бутун умрини денгиз қўшинларига бағишлаб, шахсий ҳаёти ҳақида эртароқ қайғурмади. Хизмат тугагандан кейин вақти-соати етиб, Парвардигор уни энг юксак мукофот – оила билан тақдирлади. Авила ёйилиб жилмайганча елкаси оша ўгирилиб, ёшгина рафиқаси Марияга қаради. Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларини бошидан кечираётган аёл учун узун йўлак бўйлаб юриб, меҳроб олдигача келиш қийинчилик туғдирди. Шунга остонага яқин ўрнатилган ўриндиқларнинг бирига чўкди. Мариянинг ёнида уч яшар болакай – уларнинг тўнғич ўғли – Пепе ўтирибди. Отасининг ўгирилганини кўрган кичкинтой ҳаяжон билан қўл силкиди, Авила унга кўзини қисиб қўйди. Буларни кузатиб турган Мариянинг юзига табассум ёйилди.

– Ўзингга шукур, Парвардигор, – шивирлади Авила қадаҳдаги винони қабул қилиш учун меҳробга қайта ўгириларкан.

Худди шу маҳал ибодатхонада қулоқни қоматга келтирувчи портлаш эшитилди.

Яшин тезлигида Авиланинг бутун дунёси куйди.

Портлаш тўлқини адмирални меҳроб томонга отиб юборди. У куйиб кетган инсон аъзолари-ю, парчаланиб кетган тана қолдиқлари орасига тушди. Ҳушига келганда ҳавони тутган ачимсиқ тутун нафас олишга изн бермасди. Авила бир муддат қаердалиги, нималар бўлганини англолмади.

Бироз ўтгач, шанғиллаётган қулоқлари остида аянчли чинқириқлар эшитила бошлади. У аранг бошини хиёл кўтарди, атрофга қараркан, даҳшат билан қаерда эканини ниҳоят англади. Рўй бераётган ишларнинг ҳаммаси шунчаки қўрқинчли туш эканига ўзини ишонтиришга уриниши беҳуда эди. Зўрға ўрнидан туриб, инграётган, мажруҳ жабрдийдаларнинг ёнидан мажолсиз оёқларини судраб ўта бошлади. Қоқилиб, бир неча дақиқа олдин рафиқаси билан ўғли жилмайиб ўтирган ўриндиққа қараб йўл олди.

Лекин у ерда ҳеч нарса йўқ эди – на ўриндиқ ва на инсон.

Фақат қорамтир тусга кирган тош полда ҳалқоб қонга ботган тана қолдиқлари…

***

Қовоқхона эшигидаги қўнғироқ жиринглаб, Авиланинг мудҳиш хотиралари сочилиб кетди. У газли сувни қўлига олди, бир симиришда стаканни бўшатди ва хаёлидан ваҳимали ўйларни қувишга тиришди.

Бар эшиги кенг очилиб, икки забардаст эркак ичкарига кирди. Улар ирланд тилида футбол мухлисларининг аллақандай қўшиғини хиргойи қилишарди, эгниларида қоринларини зўрға ёпиб турган яшил футбол майкаси бор эди. Афтидан, бугунги ўйин ирландларнинг меҳмон жамоаси билан бўлади.

“Кетиш вақти бўлди”, ўйлади Авила. Сўнг жойидан қўзғалиб, ҳисобни сўради. Келишган бариста бошини чайқаб, кўзини қисди ва пул олишдан бош тортди. Авила унга миннатдорлик билдириб, эшикка йўналди.

– Мана бунга қаранглар! – хитоб қилди ҳозиргина келган эркаклардан бири Авиланинг коржомасига қараб. – Испания қиролининг худди ўзи-я!

Ҳар иккала эркак қаҳ‐қаҳ отиб кулиб юборди ва чайқалганча адмиралга яқинлашди.

Авила улардан узоқроқ туриб, тинчгина жўнаб кетишга уринди. Бироқ гавдалироқ эркак унинг қўлини маҳкам сиқиб, бар столига тортди.

– Бир дақиқа, Зоти олийлари! Испанияга келиб қолибмиз, қирол билан бир қадаҳ ичмасак бўлмас!

Авила оҳорли енгига ёпишган эркакнинг кир қўлларига нигоҳ ташлади ва оҳиста деди:

– Мени тинч қўйинг. Кетишим керак!

– Ҳечам-да… Сиз бу ерда пиво ичишингиз керак, amigo! – пишиллади эркак Авиланинг билагини янада маҳкамроқ қисиб. Иккинчи эркак ҳам ифлос бармоқларини адмиралнинг кўкрагига қўндирилган медаллар устида юргиза бошлади. – Туппа-тузук қаҳрамонга ўхшайсиз, отахон?! Ўрта асрлардан қолган шақир‐шуқур тўғноғичми? Нима бало, ярқироқ совут кийган рицармисиз? – деб ҳиринглади эркак энг қадрли медаллардан бирига ниқтаб.

“Ўзингни бос”, эслатди Авила ўзига ўзи. У ҳаёти давомида бу иккиси каби бирор ишни қойиллатиб қўймаган, кимдир жон бериб ҳимоя қилаётган озодлик ва эркини суиистеъмол қиладиган бечора, бахтсиз эркакларга кўп дуч келганди.

– Аслида, – мулойимлик билан жавоб қайтарди Авила, – бу тўғноғич Испан денгиз қўшини – “Unidad de Operaciones Especiales” рамзи ҳисобланади.

– Махсус топшириқлар?.. – эркакнинг қути ўчди. – Ажойиб! Мана бу ниманинг белгиси унда? – у Авиланинг ўнг қўлига ишора қилди.

Адмирал панжасига қаради. Кафтининг юмшоқ қисмида келиб чиқиши ўн тўртинчи асрга бориб тақалувчи қора рамз – татуировка ўйиб ёзилганди.


“Бу белги менинг ҳимоячим, – хаёл қилди Авила рамзни кўздан кечириб. – Аммо ҳозир муҳтож эмасман!”

– Ҳа майли, – гавдали безори бироз юмшаб, Авиланинг билагини қўйиб юборди ва баристага қаради. – Хўш чиройли, айт-чи, сен тоза испанияликмисан?

– Шундай! – мағрурланиб жавоб қайтарди қиз.

– Томирингда ирланд қони йўқми?

– Йўқ!

– Бўлишини истайсанми? – безори бар столига муштлаганча хахолаб кулиб юборди.

– Уни тинч қўйинг! – буйруқ оҳангида деди Авила.

Эркак унга олайиб қаради.

Иккинчи безори Авиланинг кўкрагига туртди.

– Нима қилиш кераклигини ўргатмоқчимисиз бизга?

Авила чуқур нафас олиб, барга имлади – узоқ давом этган саёҳат уни ростдан ҳам толиқтирганди:

– Жаноблар, илтимос, ўтиринглар. Сизларни пиво билан меҳмон қиламан!

“Олийжаноб адмиралнинг қолгани яхши бўлди”, ўйлади бариста ичида. Гарчи ўзини ҳимоя қилишнинг уддасидан чиқса-да, олийжаноб денгизчининг иккита кўча безориси билан келишганига гувоҳ бўлган қиз ич‐ичидан унинг то қовоқхона ёпилгунча кетмаслигини истади.

Авила эркаклар учун иккита пиво, ўзи учун минерал сув буюрди ва жойини қайта эгаллади. Иккала футболсевар безори офицернинг икки ёнига чўкди.

– Минерал сув? – ажабланди эркаклардан бири. – Бирга пиво ичмаймизми?

Авила чарчаганнамо жилмайиб баристага қаради, стаканни бўшатди ва қўзғалиб деди:

– Учрашувга боришим керак. Сизларга яхши ҳордиқ тилайман!

Ўрнидан турган маҳали ҳар иккала эркак худди келишиб олгандек, бараварига қўлларини офицернинг елкасига қўйди ва уни мажбуран курсига ўтқазди. Авиланинг кўзларида ғазаб учқунлари бир зум чақнади‐ю, сўнг ғойиб бўлди.

– Бобожон, севгилингиз билан бизни холи қолдириб кетаверасизми? – безори ёқимсиз тиржайди ва қизга қараб тилини чиқариб, хунук қилиқ қилди.

Офицер анча муддат жим ўтирди, сўнг костюмига қўл чўзди.

Иккала эркак уни ушлади.

– Ҳой, нималар қиляпсиз?

Авила чўнтагидан оҳисталик билан қўл телефонини чиқарди ва безориларга испан тилида нимадир деди. Лекин улар ҳеч вақони англамагач, инглиз тилида қайтарди:

– Афв этгайсиз. Рафиқамга қўнғироқ қилиб, кечикишимни айтиб қўйишим керак. Бу ерда бироз муддат ушланиб қоламан, шекилли.

– Бўларкан-у, оғайни! – хитоб қилди гавдалироқ эркак, кейин пивосини охиригача кўтариб, стаканни тарақлатиб қўйди. – Яна битта бўлсин!

Бариста стаканга пиво тўлдираркан, ойнадан Авилани кузатди. У телефонидаги бир нечта тугмачани босиб, қулоғига тутди. Қўнғироққа жавоб бўлгач, испан тилида тез сўзлади:

– Le llamo desde el bar Molly Malone4, – деди офицер барнинг номи ва манзилини рўпарасидаги афишадан ўқиб. – Calle Particular de Estraunza, ocho5. – У бир сония сукут сақлаб, давом этди: – Necesitamos ayuda inmediatamente. Hay dos hombres heridos6, – деб гўшакни қўйди.

¿dos hombres heridos?7” Баристанинг юраги дукиллаб уриб кетди.

Қиз бу жумлаларнинг маъносини чақишга улгурмасидан, Авила тўсатдан ўнг томонга ўгирилиб, тирсаги билан каттароқ безорининг тумшуғига туширди. Қарсиллаган овоз эшитилиб, юзи бир зумда алвон қонга бўялган барзанги орқасига қулади. Иккинчи эркак қаршилик кўрсатишга улгурмасидан, офицер чап тарафига қайрилиб, бошқа тирсаги билан унинг кекирдагига қулочкашлаб солди. Бу зарба безорини стулдан ағдариб юборди.

Бариста ерда ағанаб ётган икки безорига ҳайратланиб қаради. Улардан бири жон аччиғида додлар, иккинчиси томоғини ушлаганча нафас ололмай хирилларди.

Авила бир туки қилт этмасдан, босиқлик билан ҳамёнини олди, ундан юз евро чиқариб, бар устига қўйди.

– Маъзур тутасиз, хоним. Ҳадемай, полиция етиб келади ёрдамга, – деди у испанчада ва ўгирилиб қовоқхонадан чиқиб кетди.

***

Ташқарида адмирал Авила тунги мусаффо ҳаводан тўйиб нафас олди. Сўнг Аламеда де Мазарредо кўчаси бўйлаб дарё томон кетди. Полиция сиреналари яқинлашганда ўзини панага олиб, йўл бўшатди. Уни олдинда жуда жиддий иш кутиб турар, ҳозир ортиқча машмашага Авиланинг тоқати йўқ эди.

“Регент бугун аниқ топшириқ берган.”

Авила учун Регентнинг буйруқларини бажаришда жуда оддий қоида бор эди. “Ўйлама! Иккиланма! Бажар!”

Узоқ йиллар давомида кўрсатма беришдан чарчаган Авилага рулни бўшатиб, кемани ўзгаларга топшириш ёқимли енгиллик бахш этаётганди.

“Бу урушда мен оддий пиёдаман!”

Бир неча кун муқаддам Регент томонидан ошкор этилган махфий сир шу қадар ташвишли эдики, вазиятни қўлга олиш учун Авила ўз ёрдамини таклиф этишдан ўзга чора тополмади. Келаётган оқшомда содир бўладиган хунрезликлар ҳақида ўйлаганда офицернинг этлари жимирлаб кетди, лекин барча қилмишлари кечирилишини билиб, кўнгли тинчиди.

“Тақводорликнинг шакли турлича.

Эртанги тонггача ажал кўпчиликнинг ёстиғини қуритади.”

Авила хаёллар оғушида дарё ёқасидаги очиқ майдонга етиб борди. Рўпарасида намоён бўлган улкан иншоотни кўриб қошларини чимирди. Унинг кўзига бино металл кафель билан қопланган тартибсиз шакллар йиғиндиси бўлиб кўринди. Худди икки минг йиллик меъморий ютуқлар бетартиблик қўзғаш мақсадида ташқарига улоқтирилгандек эди.

“Замонавий санъат музейи эмиш! Бадбашара махлуқ‐ку бу!” Авила юзини буриштирди ва хаёлларини жамлаб, майдонни кесиб ўтди. Йўл‐йўлакай Бильбао Гуггенҳайм музейи олдига ўрнатилган ғалати ҳайкалларга кўзи тушди. Бинога яқинлашаркан, дарвоза олдида уймалашаётган оқ-қора башанг либосдаги ўнлаб меҳмонларни кўрди.

“Даҳрийлар оммаси жам бўлмиш!

Лекин бу оқшом улар ўйлагандек якунланмайди!”

Авила бошидаги офицерлар қалпоғини тўғрилаб, камзулини текислади, ўзини олдиндаги вазифа учун руҳан тайёрлади. “Бугунги кеча ҳар доимги оқшомлардан фарқ қилади. Бугун энг буюк бурч – тақво ҳимояси учун жанг бўлади.”

Адмирал чўнтагидаги тасбеҳни эҳтиёткорлик билан ушлаб, музей дарвозаси томон йўл олди.

Учинчи боб

Гуггенҳайм музейининг ички дизайни ўта замонавий черковни ёдга солади.

Остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйган заҳоти Лэнгдоннинг нигоҳи беихтиёр шифтга кўтарилган баланд ойнаванд парда, унга ҳамоҳанг равишда ўрнатилган олтмиш метрли баҳайбат оппоқ устунларга қўшилиб тепага йўналди. Бино гумбазидаги галоген прожекторлардан ёрқин ёғду тараларди. Тепадаги айвонларда оқ‐қора кийинган меҳмонлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб тепадаги галереяларни айланар, кенг деразалар ёнида туриб, мафтункор кўл манзарасини томоша қиларди. Девор бўйлаб ҳаракатланаётган шаффоф лифтлар овоз чиқармай, меҳмонларга хизмат қилаётганди.

Лэнгдон умри бино бўлиб бунақасини кўрмаган. Музейдаги ҳар бир деталь, ҳаттоки акустика ҳам ўзига хос туюлди. Товуш ютувчи махсус ускуналар шарофати билан анъанавий музейларда ҳамиша сокинлик ҳукмрон бўлади. Меҳмонларнинг шиша ва тошлардан қайтаётган шивирлаган товушлари Гуггенҳаймга ўзгача руҳ бағишларди. Фақат ичкаридаги ҳавогина барча музейларга хос мусаффо эди. Чунки ҳаво аввал оксидлантирилиб, сўнг ионланган сув билан 45 фоиз намлик ушлаб турилади.

Шунингдек, музейдаги хавфсизлик тизими ҳам сезиларли даражада мустаҳкам бўлиб, қаторасига текширув ускуналари жойлаштирилган, ҳар бурчакда қуролланган соқчилар турарди. Лэнгдон улардан ўтиб, рўйхатга олиш столи ёнига борди. У ерда турган ёшгина жувон қулоқчин тарқатаётганди.

– Audioguía? – испанчалаб сўради аёл.

– Раҳмат, шарт эмас, – профессор жилмайиб, бош чайқади ва ундан узоқлашмоқчи бўлганда аёл тўхтатиб, соф инглиз тилида деди:

– Маъзур тутгайсиз, жаноб, лекин кеча ташкилотчиси Эдмонд Кирш меҳмонларнинг қулоқчин тақишини сўраган. Бу дастурнинг бир қисми ҳисобланади.

– Шундайми? Ундай бўлса, албатта, оламан.

Лэнгдон столдаги наушниклардан бирига қўл чўзди, лекин жувон ундан шошмасликни сўраб, меҳмонлар рўйхатидан профессорни текширди, кейин унинг исмига мос бўлган рақамли қулоқчинни топиб узатди ва изоҳ берди:

– Бугунги сайр ҳар бир меҳмон учун алоҳида ишлаб чиқилган.

“Ростданми?” Лэнгдон атрофдаги юзлаб меҳмонларга қаради.

У қўлига "қулоқчин" деб берилган, ҳар учига силлиқ ёстиқча ўрнатилган теп‐текис ҳалқага ажабланиб қаради. Унинг ҳайратини сезган аёл ёрдамга ошиқди:

– Бу энг сўнгги русумдаги қулоқчин, – тушунтирди у. – Ёстиқчалар қулоққа тиқилмайди, шунчаки юзга қўйилади.

Шундай деб, аёл ҳалқани Лэнгдоннинг боши орқасига қўйиб, ёстиқчани жағидан юқорироққа жойлаштирди.

– Лекин мен қандай қилиб…

– Суяк орқали овоз ўтказиш технологияси. Ёстиқчалардан жағингизга ўтган товуш тўғридан-тўғри чиғаноқ, яъни ички қулоқдаги органга етиб боради. Ўзим ҳам бироз аввал синаб кўрдим. Таърифга тил ожиз. Овоз худди бошингиз ичидан келаётганга ўхшайди. Яна бир афзаллик жиҳати, қулоқчинни таққанда қулоқларингиз бўш бўлгани сабаб, ташқаридаги суҳбатларни ҳам бемалол тинглайверасиз.

– Жуда ақлли ўйланган экан, – илжайди Лэнгдон.

– Жаноб Киршнинг ўн йилча аввал қилган ихтиросидан ҳозир кўплаб ишлаб чиқарувчилар кенг фойдаланмоқда.

“Умид қиламанки, Людвиг ван Бетховен бу ихтиродан ўз улушини олади”, хаёл қилди Лэнгдон. Чунки суяк орқали овоз ўтказиш технологияси, аслида, ўн саккизинчи асрда яшаган композитор Бетховенга тегишли эканига унинг ишончи комил эди. Тахминан 40 ёшларида эшитиш қобилиятини йўқотган Бетховен пианинога металл хипчин ўрнатиб, мусиқа чалаётган маҳали уни тишлаган ва шу тарзда жағ суяклари орқали эшитишни кашф қилган.

– Оқшомингиз хайрли ўтишига тилакдошман, – деди аёл. – Тақдимот бошлангунига қадар бир соат давомида музейда сайр қилишингиз мумкин. Аудио йўлбошловчи сизга юқори қаватдаги намойишлар залига бориш вақти бўлганини хабар беради.

– Миннатдорман. Бу матоҳни ишга тушириш учун бирор жойни…

– Ҳожати йўқ. Қулоқчин автоматик фаоллашади. Ҳаракатланишингиз биланоқ ишга тушади.

– Албатта, ҳаммаси тушунарли! – деб табассум қилди профессор ва зални кесиб ўтиб, жағига қулоқчин тутганча лифтни кутиб турган меҳмонлар томон юрди.

Бир неча қадам ташлагандан кейин боши ичидан эркак кишининг овози эшитилди:

– Хайрли кеч. Бильбао Гуггенҳайм музейига хуш келибсиз!

Лэнгдон аудиойўлбошловчи гапираётганини англаса ҳам, чўчиб тушди, бир зум тўхтаб ортига аланглади. Қулоқчин – аёл тасвирлагани каби – бошинг ичига кимдир кириб олгандек таассурот берарди.

– Сизга чин юракдан хуш келибсиз деймиз, жаноб Лэнгдон, – деди овоз енгил британча талаффузда. Унинг оҳанги зиёли, айни дамда дўстона эди. – Менинг исмим Уинстон. Бугунги кечада сизнинг йўлбошловчингиз бўлишдан мамнунман.

“Кимнинг овози бўлди яна бу? Ҳью Грантга ўхшайдими?” ўйлади Лэнгдон.

– Бу оқшом, – қувноқ оҳангда давом этди Уинстон, – истаган жойингизда истаганингизча сайр қилишингиз мумкин. Камина томоша қилаётган экспонатларингиз ҳақида тўлиқ маълумот беришга имкон қадар ҳаракат қиламан.

Афтидан, меҳмонларнинг шахсий маълумотлари ва суяк орқали овоз ўтказиш технологиясига қўшимча равишда ҳар бир қулоқчинда тингловчининг қаерда турганини аниқлаб берувчи GPS тизими мавжуд эди, у орқали аудио йўлбошловчининг нима ҳақида гапириши белгиланарди.

– Жаноб, санъатшунос олим сифатида сиз зийрак меҳмонларимиздан бирисиз. Менинг маълумотларимга эҳтиёжингиз камроқ бўлиши табиий ҳол. Бундан ҳам ёмони, айрим жабҳаларда камина қилган таҳлиллар сизнинг эътирозингизга сабаб бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас! – овоз хижолатомуз кулди.

“Наҳотки? Ким ёздийкан бу матнни?” Профессорнинг ҳайрати ошди. Хушчақчақ муомала ҳамда ҳар бир шахс учун мослаштирилган хизмат яхши ёндашув эди, албатта. Лекин ҳар бир мезбонга мосланган индивидуал қулоқчинларни тайёрлашга қанча меҳнат сарфланганини Лэнгдон тасаввурига сиғдиролмади.

Дастурланган саломлашиш диалогидан толиққандек, Уинстоннинг уни чиқмай қолди.

Лэнгдон оломон тепасига илиб қўйилган яна бир улкан қизил афишага кўзи тушди.

ЭДМОНД КИРШ БУ КЕЧА БИЗ КЕЛАЖАККА ҚАДАМ ТАШЛАЙМИЗ

“Нималарни ўйлаб юрибсан, Эдмонд?”

Лэнгдон лифтга қаради. У ерда машҳур глобал интернет компанияларининг икки асосчиси, таниқли ҳиндистонлик актёр ва Лэнгдондан бошқа кўпчиликка яхши таниш бўлган башанг VIPлар гап сотиб турарди. Оммавий медиа ёки Болливуд ҳақидаги майда суҳбатларга тоби йўқ профессор бу гуруҳдан узоқлашишни афзал билди ва уларга қарама‐қарши томонга юрди. Унинг эътиборини тортган нарса қаршисидаги деворга тираб қурилган замонавий асар намунаси эди.

Ғайриодатий экспонат қора гроттога жойлаштирилганди. У пол тирқишларидан чиқиб, тепага ҳаракатланиб, шифт тирқишларида ғойиб бўлувчи тўққизта энсиз тасмалардан ташкил топганди… Ижод намунаси вертикал югураётган тўққизта тренажёрга ўхшарди. Ҳар бир тасма юзасида матн акс этган бўлиб, бу ёзувлар ҳам тасмаларга қўшилиб тинимсиз ҳаракатда эди.

Мен баланд овозда илтижо қиламан…

Сенинг ифорингни ҳис қиламан…

Сенинг исмингни айтаман.

Лэнгдон экспонатга яқинроқ боргач пайқадики, ҳаракатланаётгандек туюлган тасмалар аслида жойидан жилмаётган экан; ҳаракат иллюзияси уларга ўрнатилган миттигина лампочкалар орқали ҳосил қилинарди. Лампочкалар кетма-кет ўчиб-ёниб керакли сўзларни шакллантиради. Ҳодиса тез ва аниқ изчилликда бўлгани сабабли тасмалар ва ундаги жумлалар полдан шифтга қараб ҳаракатланаётгандек туюларди.

Мен тўйиб йиғлаяпман…

Атроф қонга бўялган…

Ҳеч ким менга чурқ этмайди.

Лэнгдон экспонатнинг ҳамма қисмини айланиб кўрди ва синчиклаб ўрганди.

– Жуда қизиқ нарса, – тўсатдан тилга кирди аудио йўлбошловчи. – “Бильбао ўрнатмаси” деб аталувчи бу дурдона концептуал рассом Женни Ҳолзер ижодига мансуб бўлиб, ҳар бири тахминан ўн икки метр узунликдаги тўққизта панелдан иборат. Панелларда испан, баск ҳамда инглизчада турли иқтибослар акс этади. Иқтибосларнинг барчаси ОИТС даҳшатлари, беморларнинг мислсиз азоблари ҳақида.

Экспонат кишини ўзига ром этиб, айни дамда юракни тилка-пора қилувчи хусусиятга эга эканига Лэнгдон тан берди.

– Женни Ҳолзернинг ижоди сизга таниш бўлса керак?

Лэнгдон сеҳрлангандек юқорига ўрмалаётган матнлардан кўз узолмасди.

Мен бошимни кўмаман…

Мен бошингни кўмаман…

Мен сени кўмаман.

– Жаноб Лэнгдон? – чақирди Лэнгдоннинг боши ичидаги овоз. – Жаноб Лэнгдон, мени эшитяпсизми? Қулоқчин ишлаяптими?

Профессорнинг хаёллари тўзғиб кетди:

– А? Нима? Ким гапиряпти?

– Ким гапиряпти? – ажабланди овоз. – Аллақачон танишиб бўлдик, деб ўйлагандим. Шунчаки, мени эшитаётганингизни текширмоқчи эдим.

– Мен… Мени кечирасиз, – дудуқланди Лэнгдон залга алангларкан. – Сизни аввалдан ёзилган матн деб ўйлагандим. Алоқада тирик инсон турганини пайқамабман.

Унинг кўз олдига қулоқчин тақиб, музей каталогига тикилган юзлаб экскурсоводлар ўтирган катта хона келди.

– Ҳечқиси йўқ, жаноб. Бугун сизнинг шахсий йўлбошловчингиз бўламан. Қулоқчинга ўрнатилган махсус микрофон санъат тўғрисида суҳбат қуришимизга ёрдам беради.

Атрофни кузатган Лэнгдон бошқа меҳмонлар ҳам қулоқчинларига гапираётганини сезди. Ҳаттоки бирга ташриф буюрган жуфтликлар ҳам бир‐бирига ҳайрон боқиб, боши ичидаги йўлбошловчи билан гаплашарди.

– Ҳар бир меҳмонга шахсий гид ажратилганми? – ишонолмасдан сўради Лэнгдон

– Худди шундай, жаноб. Бугун биз уч юз ўн саккизта одамга алоҳида хизмат кўрсатамиз.

– Бўлиши мумкин эмас!

– Жаноб Кирш санъат ва технологиянинг ашаддий мухлиси экани ўзингизга маълум. Музейларда уюштириладиган жамоавий сайрларни жини суймагани боис, у киши шахсий йўлбошловчи тизимини яратди. Бу билан ҳар бир ташриф буюрувчи алоҳида сайрдан мароқ олиб, ўзига мос тезликда экспонатларни томоша қилиши, истаган манзилига юриши, йўлбошловчидан ўзини қизиқтирган саволини сўраши мумкин. Биласиз‐ку, жамоавий сайрлар вақтида гуруҳга эргашиш, у билан баравар юриш, шерикларга етишиб юриш, савол беришдан тортиниш каби ҳолатлар санъатдан тўлиқ баҳра олишга халал беради.

– Эскиликчи деб ўйламанг, лекин нега энди биз билан бирга юриб қўя қолмайсизлар?

– Мантиқан олиб қараганда, – жавоб қайтарди Уинстон, – ҳар бир киши учун алоҳида экскурсовод ажратиш музейдаги жами одамлар сонини икки баравар оширади. Бу эса ташриф буюрувчилар миқдорининг тенг яримга қисқариши демак. Бундан ташқари, ҳамма гидлар баравар маъруза ўқиса, қандай шовқин бўлишини тасаввур қиляпсизми? Тан олинг, яхшигина ноқулайлик туғдириши аниқ. Хуллас, шахсий йўлбошловчи тизимидан кўзланган асосий мақсад – суҳбат учун имкон қадар қулай шароит яратиб бериш. Жаноб Кирш доим такрорлаганидек, санъатнинг энг муҳим мақсадларидан бири мулоқотдир.

– Сўнгги фикрингизга тўлиқ қўшиламан, – деди Лэнгдон. – Айнан мулоқот қилиш, фикр алмашиш учун одамлар музейларга кўпинча дўсти ёки севгани билан боради. Сизларнинг қулоқчинингиз эса бу муҳитни бироз бузадигандек.

– Агар шеригингиз билан келсангиз, – Уинстон дарҳол жавоб қайтарди, – иккала қулоқчинни битта йўлбошловчига мослаб, кичик жамоада сайр қилишингиз мумкин. Биз бу масалани ҳам ўйлаб қўйганмиз.

– Сизда ҳамма саволга жавоб бор, шекилли.

– Менинг ишим шундан иборат‐ку, – хижолатнамо кулди Уинстон ва дарҳол суҳбат мавзусини ўзгартирди. – Хўш профессор, давом этамизми? Залдан деразалар тарафга юрсангиз, музейда сақланадиган энг катта суратни кўрасиз.

Зални кесиб ўтаркан, йўлида учраган чамаси ўттиз ёшлардаги келишган жуфтлик Лэнгдоннинг эътиборини тортди. Улар бир хил оқ рангли бейсбол кепкаси кийиб олганди. Кепкаларнинг олд қисмида одатдаги бренд эмас, ғалати белги туширилганди.



Бу белгини Лэнгдон жуда яхши биларди. Лекин уни ҳеч қачон кепкада учратмаганди. Безак берилган А ҳарфи сўнгги йилларда катта суръатларда кўпайиб бораётган – атеистларнинг муштарак тимсоли эди. Худосизлар сифатида кўрилувчи бу жамият аъзолари диний эътиқоднинг хавф‐хатарлари ҳақида кундан‐кун дангал, баралла гапиришни бошлаганди.

“Атеистлар ўз бейсбол кепкасини ишлаб чиқаряптими?” таажжубланди Лэнгдон.

Атрофида ғуж‐ғуж бўлиб юрган компьютер ишқибозларига кўз югуртираркан, Лэнгдон уларнинг аналитик ақллари Эдмондники сингари динга қарши эканини тахмин қилди. Бу оқшом аудитория диний тимсоллар профессорига эш бўлиши даргумондек кўринди.

2.Яна тоник ичасизми? (Бу ва кейинги барча испанча сўзлар таржимаси таржимонники.)
3.Йўқ, раҳмат!
4.Молли Малонедан сизга қўнғироқ қиляпман.
5.Эстраунза катта кўчаси, саккиз.
6.Бизга зудлик билан ёрдам керак, бу ерда икки жароҳатланган бор.
7.Икки жароҳатланган эркак?
85,60 ₽
Возрастное ограничение:
0+
Дата выхода на Литрес:
06 февраля 2023
Объем:
12 стр. 21 иллюстрация
ISBN:
978-9943-23-179-5
Переводчик:
Правообладатель:
Asaxiy books
Формат скачивания:
epub, fb2, fb3, ios.epub, mobi, pdf, txt, zip