Читать книгу: «Адабиёт- миллат виждони»
ЯШАШ ҲУҚУҚИ
Севги ўлим даҳшатидан кучлироқ.
В. Шекспир
Корхонанинг биттагина ғунажини бор эди. Ҳовлидан ўтаётиб унга эътибор қилдим. Юнглари ўсиқроқ, олагина ва ҳали ёш тумса мол. Балки урғочи ҳам эмасдир, лекин нима учундир менда бу мол ҳали туғмаган ғунажин деган тасаввур қолдирди. Нарироқда рангпар бир йигит товуқ пойларди. Касалманд эди у: ранги кўкимтир, юзи чўзиқ, кўзлари ғамгин. Унинг олдида иккита товуқ донлаб юрибди. Йигит уларни тутиш ниятида ўрмалаб боряпти. Унга ҳам бир-икки дақиқа қараб турдим. Рангпар йигит товуқларни тутиб, иккаласини оёғидан жуфт қилиб ушлаб, худди бир даста гулни кўтаргандай боши узра тутиб менга кўрсатди. Товуқларни у қандай ушлади, буни пайқамай қолдим.
Бошлиқнинг ҳузурига киришим керак. Даҳлизчадан чап томонга ўтиб, чап ёндаги эшикни тортдим. Бошлиқ тўртбурчак шаклдаги катта, аммо саёз алюмин идишга энгашганча ниманидир капаларди. Унинг атрофида ердан шифтгача пахтаҳалвога ўхшаш қандайдир нарсалар қалашиб ётибди. Хона узунчоқ ва нимқоронғи. Ҳеч қанақа жиҳоз йўқ, столнинг устига ҳам дастурхон ёки ёпқич солинмаган.
Бўйчангина бир аёл ўрнидан туриб менга жой берди. Хонада яна бир ёш йигит ҳам бор экан, уни кейинроқ пайқадим. Йигит ҳам ўрнидан турди. Мен бошлиққа яқинроқ жойдаги ёғоч курсига ўтирдим, аммо қандай ўтирсам ҳам, бошлиқнинг юзи яхши кўринмасди. Курсини кўтариб ҳар хил ҳолатда қўйиб кўрдим ва жойлашиб ўтирдим.
Ҳовлида танани кўрганим, касалманд йигитнинг товуқ тутгани ва яна шунга ўхшаш бир-иккита воқеани бошлиққа маълумот сифатида айтиш, тўғрироғи, ўзимнинг корхона ҳаёти билан танишлигимни билдиришни истардим.
Аёл столга сони билан таяниб, қошларини чимирганча менга қараб турарди. У жуда чиройли. Қиёфаси ғамгинроқ, юзи оддий, безаксиз, аммо қандайдир мумтоз. "Мен худди шундай юзни яхши кўраман" дедим ичимда. Унинг чимирилган қошлари пешонасига томон кўтарилиб учиб бораётган турна қанотидай синиқ бурчак ҳосил қилганди. Йигит кўринмай қолди. Бошлиқ менга қараб турар, аммо, афтидан, мени кўрмасди.
– Вы что-то хотите сказать? – деди аёл мен томонга ярим ўгирилиб.
Бироз саросимага тушдим. Русчани яхши гапиролмаслигимни билдириб қўйишдан чўчиб тараддудланиб қолдим. Бошлиқнинг ўзи билан гаплашмоқчи эдим. Шу мақсадда унга қарадим. Юзи, боши, гавдаси тўладан келган, ранг-рўйи тиниқ, қизил, умуман, бутун вужудидан соғлиқ гупириб турган киши эди у. Шу жиҳати билан содда ва эркин гаплашса бўладигандай туюлди. Чунки унинг юзида ғайритабиий ҳеч нарса йўқ. Одатда бундай одамларда билим у қадар чуқур бўлмайди. Улар суҳбатдошининг ички дунёсини ҳам юзакироқ, енгилроқ илғайдилар. Мураккаб жараёнларни билишга интилмайдилар. Ўша лаҳзада руҳиятимни илғайдиган киши менга керак эмасди, хаёлимда ҳовлида кўрганларимни баён этиш ва кузатувчанлигимни бошлиққа кўрсатишдан бўлак ҳеч нарса йўқ эди.
Бошлиқ ҳеч нарса сўрамади. Стол устидаги тақвим варағини йиртиб олиб аввал аёлга, сўнгра менга кўрсатди. Эътибор қилдим: варақда 1941 йил 7 июль санаси турарди.
Яна бироз ўтирдим. Аёл ҳолатини ўзгартирмади. Бошлиқ идишдаги унга ўхшаш нарсага қараб қолди. Хонадан чиқиб кетиш кераклигини англаб ўрнимдан турдим. "Сени итдай савалайман" ёки "Сизни эшшакдай ишлатаман" деганда нимани тушунасиз? "Эшакдай" деган сўз кимга тааллуқли? Ишлатувчигами ёки ишловчигами? Ҳар иккаласига ҳам. Шундай эмасми? Хўш, шу гапнинг фақат бир томонга тегишли шамоилини қандай топса бўлади? Инсон тафаккурининг сира ақлга сиғмайдиган жиҳатлари бор. Хонадан чиқиб ҳовлида кезарканман, ана шу тўғрида ўйлардим ва бундай ўй шу лаҳзадаги ҳолатимга сира мос келмасди.
"Ҳозир грамматикага бало борми?" дедим бироздан сўнг ўзимга ўзим. Ундан кўра бошлиқнинг хонасидаги ҳолатни таҳлил қилсам бўлмасмиди. Нега у қора доира ичига олинган “25” рақамини бизга кўрсатди? Шу савол ортидан "Лекин аёл чиройли эди" деган гап хаёлимдан ўтди. Кейин хонадаги пахтаҳалво уюмлари, бошлиқнинг ун капалаши ва йигитнинг ғойиб бўлиб қолганини ўйладим. Ўша аёл сигарета чекармикин? Унинг лаблари қанақа эди ўзи? Юпқа, асабий ва ҳаракатчанми? Ёки оғир, қалин, серчизиқ ва дағалроқми? Кейин ўша аёл билан ўзимнинг ўпишаётган ҳолатимни, ёмғир шивалаб ёғаётганда бостирма остида турганимизни ва ниҳоят ёзнинг жазирама иссиқ пайтида унинг чўмилаётганини кўз ўнгимга келтирдим. Сочлари елкасига ёпишган, бадани сувда ювилиб ялтирарди. Тошларда шундай хусусият бор. Чизиқлари билинар-билинмас ранги хира тошни сувга ташласангиз, ажиб бир эврилишнинг гувоҳи бўласиз. Сув остида тош тиниқлашади, ранглар қуюқ тортади, чизиқлар ёрқин бўёқларга беланиб жилваланади. Уни сувдан чиқариб олсангиз токи қуригунча ўша кўринишини сақлаб туради. Қуригандан кейин боз боягисидай кўримсиз бир нарсага айланади. Чўмилаётган аёл ҳам шундай демоқчиман. Албатта, аёл чўмилмаганда ҳам жозибали. Мен ҳар иккаласининг ҳам тиниқлашувини муқояса қилмоқчиман. Йўқ, ўйлаб кўрсам аёл бутунлай бўлакча. Уни ҳеч нарсага муқояса этиб бўлмайди.
Корхонада яна бир-икки кун қолишга қарор қилдим. Балки ўзгариш бўлар. Аммо нимани кутаётганимни, қандай ўзгариш бўлишини тасаввур этолмасдим. Энг ёмони, бу корхона нима билан шуғулланади ўзи, шуни ҳали аниқлаб ололганим йўқ. Мен бировнинг эшигини тақиллатишдан аввал ҳамиша ўйлаб оламан. Уйдан эркак ёки аёл чиқса қандай йўл тутаман, нима дейман? Қиз бола чиқса-чи? Лекин бошлиқнинг хонасига кираётганимда бошқа ҳиссиётлар таъсирида эдим. Бутун фикрим ўзимни шу корхона ишига садоқатли қилиб кўрсатишга қаратилганди. Лекин бундай бўлмади.
II
Дераза очилди. Мени имлаб ичкарига чорлашди. Имлаган аёлнинг қўли эди. Узуклари қуёш нурида ярқираб нур таратарди. Лекин аниқ биламанки, бошлиқ олдида уни учратганимда бирорта ҳам тақинчоқ йўқ эди. Қўлларини столга тираб турганда бармоқларида узуги йўқлигига эътибор қилгандим. Бирозгина эгилиб турарди у ва мен унинг қуймучига ҳам бирров қараб олгандим. Куйлаги нафис матоҳдан, кўйлак остида ички кийимининг қавссимон жияги билиниб турарди. Атайлаб менга кўрсатиш учунми деган хаёл миямда садо бергани ҳам ёдимда. Ҳатто қайсидир китобдан ўқиганим, французча мана бу икки мисрани ичимда айтиб тургандим:
Су вотр жюп бланш
Брее ля анш
Сизнинг оқ юбкангиз тагидан оёғингиз оқариб кўринади дегани бу. Аёл қўли билан мени ичкарига томон имларкан, ана шу майда тафсилотларни сира миямдан чиқариб ташлолмасдим. Кирдим. Хонада аёл йўқ. Мени бошқа бир киши қарши олди:
– Муқаддам судланганмисиз? – сўради дабдурустдан.
– Ҳа, ўн беш сутка ўтириб чиққанман.
– Нима учун?
– Майда безорилик деб айб қўйишганди, лекин қамалиш сабаби бутунлай бошқа. Бир жойда ножўяроқ гапириб қўйгандим.
– Робеспьер бўлмоқчи эдингиз, – деди у бошини мазмундор ликиллатиб.
– Балки, – дедим қайсарлигим тутиб.
Унинг ҳам қайсарлиги тутди:
– Сиз сариқ чақага ҳам арзимайсиз.
Индамадим. Бу ҳақоратга мос жавоб тополмадим. Ўрнимдан туриб эшик томон борарканман, раҳматли бобомнинг ўгитлари ёдимга келди:
– Жавоби аҳмоқ – сукут, – дедим.
Кулги овози эшитилди. Кулаётган, хаёлимда аёл киши, аммо ортимга ўгирилиб қарамадим. Корхонадан бутунлай кетишни дилимга тугиб ташқарига чиқдим.
III
Дарвоза ортида уч киши турарди.
– Чой ичинг, – деди улардан бири
– Иккита қулоқчаси бор экан, – деди бошқаси.
– Қўллари бақувватгина, чидайди, – қўшилди учинчиси.
Бу гапларни эшитмаганга олиб, йўлда давом этдим.
Улар ортимдан эргашдилар. Ёмон бир нарса бўлишини юрагим сезди, лекин билдирмадим. Тақдиримда борини кўраман. Яшашнинг ҳам қизиғи йўққа ўхшайди ўзи.
Балки ҳаётимни тўғри қуролмагандирман.
– Шошилманг, – деган овоз келди ортимдан.
– Бошлиқнинг хонасига кирдингизми?
– Кирдим.
– Кўрдингизми?
– Кўрдим.
"Нимани", деб сўрамадим. Зеро, фойдаси ҳам йўқ. Ортимдан келаётган бандалар ҳиссиётдан бутунлай маҳрум.
– Ўнгга юринг! – деган буйруқ бўлди орқадан.
Ҳукм қатъий, босиқ ва аниқ, аммо бўйсунмадим, ўзимни эшитмаганга олдим. Балки қочиб қутуларман деган хаёлга бордим, аммо қочиш режаси миямда ҳали пишиб етилмаганди.
– Ўнгга!
– Тўғрига кетаверса ҳам майли, барибир ўша ерга боради.
– Майли, тўғрига!
– Икки ўн беш – бир ўттиз.
Улар ўзларининг гапларига ичакузилди бўлиб кулишди. Бу гапнинг нимаси қизиқ туюлди экан, англамадим. Балки мени қўйдек олдиларига солиб ҳайдаб боришаётгани учун кулишаётгандир. "Қўйдек" уларга тааллуқлими ёки менгами? Яна мантиқий силлогизм. Ундан кўра қочиб қутулишни ўйлашим керак.
IV
Ортимга бир қараб олдиму бор кучим билан югура кетдим. Узоқ югурдим. Бахтга қарши йўл тобора юқорилаб борарди. Нафасим оғзимга тиқилиб, ҳарсиллаб қолдим ва нима бўлса ҳам қир ортига ўтиб олишни мўлжалладим. Қир устига чиқарканман, мувозанатимни сақлаб туролмай мункиб кетдим. Қир орти тик қиялик. Шу қадар тик эдики, гоҳи-гоҳида майда ғўрашакли тошлар ўз-ўзидан "шиқир-шиқир" этиб пастликка томон силжирди. Тутиб қолай десам бирорта бута ёки тош йўқ. Оёғим тойиб кетиб ортим билан ўтириб қолдим ва ўзимни тўхтатолмай пастга томон сирпаниб кета бошладим. Кейин дўстаман ётиб бутун вужудим билан ерга қапишдим, қизил ғўрашакли шағални қучоқладим. Бармоқларимни чангак қилиб ерга ботиришга уриндим; тиззам, иягим ва ерга тираш мумкин бўлган барча аъзоларимни сафарбар этиб ўзимни тўхтатишга уриниб кўрдим, қайта-қайта уриндим, бўлмади. Орқам билан ётиб товонимни тирадим. Фойдаси йўқ, пастликка – Аспалатисофилинга томон шиддат ила кетиб борардим. Тез орада шимимнинг орқаси йиртилганини пайқадим, аммо ўрнимдан туролмадим. Оёқ остида ва ҳамма жойда тупроқ ҳам эмас, сополга ўхшаш, аллақандай, нўхат катталигидаги тошсимон ғўрашаклар туришга сира имкон бермасди. Йиқила-сурина ортимга ўгирилиб қарадим. Қир устида етти киши турганини кўрдим, ўша лаҳзада санаб улгурмаган бўлсам-да, пастга томон тойғаниб бора туриб ҳисобини чиқардим. Ҳалиги учаласи ёнма-ён туришар, ўртада бошлиқ ва унинг ёнида яна икки киши. Бири аёл… демак, олтита экан.
– Қайт! Қайт!
Овоз менга нотаниш эди, лекин ички бир ҳиссиёт билан бошлиқнинг ўзи чорлаётганини англадим.
Ёнбағир тобора нишаблашиб борарди. Энди ўзимни тўхтатиб қолишдан тамом умидимни уздим. Оёқ тирашим, панжаларим билан ғўрашак ерни чангаллашим, ортимни ерга маҳкамроқ босишимдан заррача наф йўқ. Қияликнинг охири кўринмасди. Мени қутқазувчи куч бу дунёда йўқлигини билсам-да, ёрдам сўраб қичқирдим:
– Қутқаринглар! Ёрдам беринглар!
Овозимни шамол юлқиб олиб учириб кетди. Энди ҳаво зарби юзимга шу қадар шиддат билан урилардики, яна бир марта ёрдам сўраб қичқирмоқчи бўлгандим, барча сўзларимни шамол ҳўл латтадай лўндалаб оғзимга тиқди.
V
Аспалатисофилинга томон шиддат билан кетатуриб "Аслида умрнинг ўтиши ҳам шу", дедим. Денгизларда фақат бир дақиқагина яшаб, шу муддат ичида авлод қолдиришга улгурадиган аллақандай жонивор бўлармиш. Дўзахнинг бир суткаси ер юзининг 1600 йилига тенг дейди япон ёзувчиси Кензабуро Оэ. Аспалатисофилин эса дўзахнинг энг чуқур жойи. Мен энди ана шу қўрқинчли чуқурликка томон силжиб ёки сирпаниб эмас, учиб боряпман. Назаримда оёқларим тагидан учқунлар сачраётгандай.
Қулоқларим остида шамол ҳуштак чалади. "Иккита қулоқчаси бор экан" деганди ҳалиги, ортимдан келаётган, уч кишидан бири. Ҳа, қулоғим бор, аммо энди ундан менга не наф? Оғзимдан, кўзимдан-чи? Йўқ, ҳар ҳолда кўзим нималарнидир фарқлаётгандай. Ана олдинда қандайдир симчизиққа ўхшаш нарса кўринди. Бамисоли "Риштаи Марямдай" ингичка. Миям ҳам бир нав ишлаб турибди. Яқинлашганим сари симчивиқнинг йўғонлашаётганини англаяпман. Қаламдай, жимжилоқдай, бошбармоқдай…
Ушладим! Бирдан шамол тўхтади, ҳуштак тинди. Симчивиқни маҳкам ушлаганча бамисоли турникда машқ қилаётган спортчидай бир алпозда турибман. Аспалатисофилинга қилаётган шиддатли сайрим тўхтаган, сукунат. Елкам, тирсакларим, орқам шилинган, ғувиллаб ачийди. Бу қайси гуноҳим учун берилган жазо, билмайман. Худога шукр дейман, ҳозирча тирикман. Ногоҳ қулоғимга инграган товуш чалингандай бўлди. Балки ўпкам ёки бирор ички аъзоларимдан чиқаётган товушдир. Нафасимни ичга ютиб қулоқ тутдим. Ҳа, кимдир ингранар ва оҳ тортарди. Наҳотки бу жаҳаннам тойғаноғида мендан бўлак ҳам бирор жонзот бўлса! Ўша ожиз товуш гўё "Ҳа, мен бор" дегандай яна такрорланди. Овоз бердим:
– Кимсан? Қаердасан?!
– О-о-оҳ, ёрда-а-ам!..
Овоз ўнг ёндан, жануб тарафдан келарди, ўша томонга қарадим. Қоронғиликда ҳеч нарса кўринмади. Йўлга тушдим. Оёқ билан эмас, қўл билан юриб боряпман. Қўлларим билан симга осилганча жануб томон силжияпман. Бармоқларим карахтлаштиб, билагим толиқиб, елкаларим оғирлигимга дош беролмай қолгунга қадар юрдим. Бу аҳволда йўл босиш оғир. Қандай бўлмасин дам олиш чорасини кўриш керак . Товонимни ерга тираб, қўлларим билан симни қаттиқ тортиб гавдамни кўтардим, сим устига чиқиб олмоқчи эдим, бўлмади, қўлтиғим билан бир муддат осилиб турдим. Иягимни ҳам ишга солдим. Бармоқларимга куч қайтгунча иккала қўлтиғимга симни қисиб, жағимга таяниб турдим. Изтиробга тўла овоз яна такрорланди:
– Ёрдаа-ам!
Энди аниқроғи эшитилди. Овоз аёл кишиники. У мендан унчалик узоқда эмас, ҳатто инграгани ҳам эшитила бошлади.
– Ҳозир, бирозгина сабр қилинг!
– Қўйвораман, тезроқ!
Нолага тўла овоз мени югуришга мажбур қилди. Қўлларимнинг ўрнини тез-тез алмаштириб "қадам-бақадам" силжияпман. Қора кўринди. Мендан уч-тўрт қадам нарида нимадир симга осилиб турарди. Ўша томонга интиларканман, елкам билан алланарсага тақалиб тўхтаб қолдим. Шу пайтгача симни нима ушлаб турганини ўйлаб кўрмаганимни қаранг. Елкамга тақалган нарса бетон устунча эди. Демак, маълум бир масофада симни тутиб туриш учун устунчалар ўрнатилган. Бу менга катта қувонч бағишлади. Қаранг-а, ҳатто шундай ҳолатда ҳам қувониш мумкинми дунёда! Аммо ҳозир бунга фурсатим йўқ. Нола қилиб ёрдам сўраётган аёлни қутқазиш керак аввал. Сўнгра бир гап бўлар.
– Мана, боряпман, бирозгина чиданг!
– Оҳ, тез бўлинг!..
"Қадамимни" тезлатдим, бироқ етиб боролмадим. Қўлимни чўздим-у унинг билагидан ушлашга улгурмадим. Куч-қуввати батамом тугаган, сўнгги дақиқада менинг яқинлашганимни ва қўл чўзганимни кўриб тамом ўзини ташлаб юборди.
– Ё!.. – деган бўғиқ, кучсиз, аммо жонҳолатда айтилган нидо мени кескин ҳаракат қилишга ундади. Унинг қўллари симчивиқдан узилган ва у бир неча сония ичида тубсизлик қаърига томон учиб кетиши мумкин эди. Талпиндим, қўлим етмади ва шу лаҳзанинг ўзида оёғимни чўздим ва қичқирдим:
– Ушла! Оёғимдан ушла!
Бу ҳолатлар бир сония ичида бўлиб ўтди, албатта. Унинг қўллари пойчамга ёпишди ва юқорига чиқиш учун типирчилай бошлади. Қўлларим қанчалик толиққан бўлмасин, пойчамга илашиб, тебраниб турган, ихраб-сихраётган жонзотнинг вазни унчалик катта эмаслигини пайқадим. Тиззамни юқорига тортиб уни ўзимга яқинлаштирдим. Чап қўлим билан симни ушлаганча пастга эгилдим. Қўлимга унинг сочи илашди.
– Тортинг, майли, тортаверинг, чидайман, – деди у умидворлик билан.
Оёғим билан ҳимоя қилиб сочидан енгилгина торта бошладим. Вазни енгиллашганини пайқаб, у ҳам болдиримдан маҳкам қучоқлаб олди. Иккинчи оёғимни ишга солдим. Бошмоғим аллақачон йиртилиб тамом бўлганди, бош бармоғим билан ерни пайпаслаб, оёғим остида икки бармоқ жойлашгулик чуқурчани "кашф" қилдим. Қандайдир бир жониворнинг уясими ёки оёғим билан пайпаслаганда ўрнидан кўчган тошнинг кавагими, нима бўлганда ҳам биз учун нажот чамбараги. Икки панжамни унга жойлаштириб, қўлимга бироз дам бердим. Пойчамга ёпишиб турган хилқатни юқорига тортиб олиш учун шунинг ўзи етарли. Ёшлигимда гимнастика ва оғир атлетика билан шуғулланганимга шукр қилиб унинг сочидан қўйвордиму қўлтиғидан тутдим. У аввал белимга, сўнгра тирсагимга ва ниҳоят бўйнимга ёпишди. Иккала қўли билан бўйнимдан маҳкам қучоқлаб олди.
VI
Билакларимда ғайритабиий бир куч пайдо бўлганини ҳис қилдим. Келган йўлимдан аста-секин ортимга қайта бошладим. Энди юким аввалгидан оғирроқ бўлса-да, анча илдам борардим.
– Исминг нима? – сўрадим юришдан тўхтамаган кўйи.
У жавоб бермади. Ухлаб қолганди. Бошини кўксимга қўйиб, бўйнимдан қучоқлаганча бемалол ухларди. Сочи юзимга ишқаланиб борар ва илиққина нафаси бўйнимни қитиқларди.
– Майли, ухлайвер, – шивирладим унинг бошига юзимни босиб ва яна бир неча одим силжидим. Мана, устунча! Қани энди унга бир амаллаб чиқиб олсам. Бўйнимга чирмашган қўллар бўшашди, унинг нозиккина билаги елкам узра оҳиста сирғалаётганини пайқаб, бир қўлимни симдан бўшатдим ва қизнинг белидан тутдим. Иягим билан туртиб, бошини силкита бошладим. Уни уйғотиш керак эди, бу аҳволда узоқ туролмасдим. Бирдан атроф ёришиб кетди. Ой чиқди. Тўлин ой. Қиз уйғонди ва ўзини четга олмоқчи бўлди. Тасодифан ўзини бегона эркак қучоғида турганини кўрган қиз қандай аҳволга тушса ҳам ана шу ҳиссиётни бошдан кечирмоқда. Яхши ҳамки унинг белидан маҳкам ушлаб турардим.
– Тинчлан, – дедим уни чўчитиб юбормаслик учун юмшоқроқ қилиб, – мана бу симдан ушла.
– Симдан?! – қичқириб юборди қиз чўчиб.
У энди ўзи қаердалигини эслаганди. Бир неча дақиқалик уйқу давомида балки ширин тушлар кўргандир, тушида текис ерда сайр қилиб юргандир. О, Ер устида ишонч билан оёқ босиб юриш нақадар катта бахт, ўзимнинг ҳам юрагим орзиқиб кетди. Пастда нима бор ўзи? Наҳотки тубсизлик устида осилиб турган бўлсак?!
Хаёлга берилишнинг мавриди эмасди.
– Симдан ушла! – кескин оҳангда буюрдим қизга У тиззалари билан менинг устимда ҳаракат қилиб, симни чангаллаб олди.
– Мана шу ерда, чап елкамнинг ёнида устун бор…
Товушим зўриқиб чиқди. Чунки бу пайтда товонларимни ерга тираб, қўлларим билан юқорига тортилдим ва шу усул билан қизни ҳам кўтармоқда эдим. Бир қўлимни яна симдан бўшатиб олишга тўғри келди. Қизнинг тўпиғидан тутиб, оёғини устун устига оширдим.
– Ерми?!
Болаларча қувонч янграб кетди унинг овозида.
– Ер, бизнинг еримиз.
Қиз товушимдаги алам ва изтиробни тушунди, жимиб қолди. Устунчанинг эни бир қарич, узунлиги учтўрт қарич бор. Икки киши бемалол сиғиши мумкин. Қиз иккала қўли билан сочларимдан маҳкам ушлаганча тирмашиб чиқиб, елкамга оёқларини қўйиб олди. Нимадир юзимни силаб, қитиғимни келтирарди. Бошимни кўтариб қараб, унинг белида осилиб турган икки бўлак латтани кўрдим. Қиз ҳам менга ўхшаб иштонидан айрилган ва ой ёруғида унинг орқаси оқариб кўриниб турарди. Кулгим келди. Қиз елкаларим силкинаётганини пайқади. Алам ва изтироб кулгусидан силкинаётган вужудимни у толиққан тананинг титроғи деб ўйлади ва тезроқ устунга чиқиб олишга шошилди.
– Орқага ўгирилиб қорнинг билан ерга ётиб ол, – дедим ҳар эҳтимолга қарши унинг оёғини қўйвормай.
Қиз айтганимни чаққонлик билан бажарди. Энди унинг юкидан бутунлай халос бўлгандим. Чамамда қизнинг оғирлиги ўттиз беш килодан ортиқ эмасди. Бундай юкни ерда бўлганимда кун буйи бемалол қўлимда кўтариб юрган бўлардим, ўз кучимга ишонаман. Ахир мен узоқ йиллар тош кўтариш ва штанга билан ҳам машқ қилганман. Бу соҳада Чўртонбойдан ўзиб кетаман деб ўзимни кўп қийнаганман. Ҳатто питбул зотли америка итларидек тишим билан турникка осилиб туриш машқини ҳам олганман.
"Ерда", деганим эришроқ туюлади, албатта. Бошқа нима ҳам дей, ҳавода муаллақ десам ҳам тўғри келмайди, тик турибман ёки ётибман ҳам дея олмайман. Ўтиролмайман ҳам.
Тонг отди. Энди иккиламиз олдинма-кетин, мен орқада, қиз олдинда устунча устида туриб қуёшни кузатардик. Қуёш ҳали чиқиб улгурмаган, унинг нурлари осмон сатҳида парпарон уриб ўйнарди. Эсаётган енгилгина шабада қизнинг сочларини тўзғитар ва олиб келиб менинг юзимга урарди. Қиз ўгирилиб менга қаради. Жилмайди. Бир нафас кўзларимдан нигоҳини олмади, тикилиб турди. Нимадир демоқчи бўларди-ю, истиҳола қиларди. Буни тушундим. Мен орқамни ерга маҳкам тираб, қизнинг белидан ушлаб турардим.
– Начора, бошқа иложимиз йўқ, – дедим унинг Ўнғайсизланаётганини сезиб, – сен қандай қилиб бу тузоққа тушиб қолдинг?
– Ўша корхона… Аа-а-а!
Қизнинг кўзларидаги даҳшатни кўриб ортимга қарадим-у, ўзимни пастга отдим. Иккаламиз олдинма-кетин қиялик бўйлаб думалаб келаётган улкан харсангни кўриб қолгандик . Тош тўппа-тўғри биз турган устун устига бостириб келиб, унга тегай-тегай деб ўтиб кетди.
VII
Биз муқаррар ўлимдан қутулиб қолган бўлсак-да, номаълум "келажак" сари шиддат билан кетиб борардик. Йўлнинг адоғи кўринмасди. Ярим соатлар ўтгач, қиз инграниб йиғлай бошлади. Дам қорни билан ётар, дам орқаси билан ётар, дам ўнг ёнбошига, дам чап ёнбошига ағдариларди. Мен бўлсам унга ёрдам беролмаётганимдан хунобим ошиб, чора излардим. Уни устимга миндириб олишдан ўзга иложим қолмади. Шундай қилдим.
– Сен нима сабабдан бу ерга келиб қолдинг? – сўрадим нимадир қилиб уни чалғитиш мақсадида.
– Қочдим.
– Кимдан?
– Бошлиқдан.
– Нега?
– Зўрламоқчи бўлди.
– Нега боргандинг у ерга?
– Ишга.
– Нима иш қилардинг?
– Сигир соғмоқчи эдим.
– Нега бошқа томонга қараб қочмадинг?
– Бошқа томонга йўл йўқ. Барча йўллар шу ерга олиб келади.
– Сен қайси сигирни соғмоқчи бўлгандинг?
– Ола таначани. Болалагандан кейин. Мени бир аёл олиб борганди. Узун бўйли, чиройли аёл.
Бошлиқнинг хонасидаги аёл кўз ўнгимдан ўтди ва сўрадим:
– Ўша аёл ким ўзи?
– Бошлиқнинг… ҳамхонаси.
– Анави товуқбоқар-чи?
– Ўша аёлнинг укаси. Касал. Сиз уларни қаердан биласиз?
– Мен ҳам ишлаш учун боргандим.
– Сизни ҳам… зўрламоқчи бўлдими?!
– Нималар деяпсан? Йўқ, лекин нима гуноҳ қилганимни билмайман.
– Баъзилар ўша товуқбоқар йигит аёлнинг укаси эмас, дейишади. Аёлга қарагани, уни яхши кўриб қолгани учун бошлиқ шундай қилиб ташлаган эмиш.
– Исминг нима?
– Субҳия.
– Ота-онанг борми?
– Бўлишган, ҳозир етимчаман.
– Неча ёшдасан?
– Ўн… етти.
Субҳия охирги рақамни ўйланиброқ айтди. Мендан ёшини яшираётганга ўхшарди.
– Сизга барибир эмасми? – деди бироздан сўнг. – Энди ёшнинг мен учун фарқи йўқ.
Унинг фикрини тушундим. Кўзлари жиққа ёш эди. Ўлимга маҳкуммиз, бу тузоқдан қутилиб кетолмаймиз, демоқчи эди. Яна қийин аҳволда қолдим. "Қутилиб кетасан, ҳали ёшсан" демоқчи бўлдим, аммо ёлғон айтишдан не наф. Аспалатисофилин томон кетиб бораяпмиз. Тўғри, энди ҳаракатимиз аввалгига нисбатан анча суст. Бу томон нисбатан текисроқ, ҳатто бир-икки жойда озгина тўхтагандай ҳам бўлдик. Аммо қандайдир мубҳам бир куч бизни муқаррар комига тортиб бораётгани аниқ эди. У тўхтаб қолишга имкон бермасди.