Читать книгу: «Қисмат тарозуси»
Қиссалар
ҚИСМАТ ТАРОЗУСИ
Табиат бу йигитни жуда севиб яратган эди. Баланд бўйи келишган, ихчам гавдасига мос тушган бўлиб, буғдойранг юзлари, ҳамиша ишонч ва босиқлик билан боқувчи кўзлари ажиб бир уйғунликда эди. Бироқ шафқатсиз тақдир уни бахтсизликлардан асраб қололмади. Ёшлигидан отасиз, ёлғиз онаси билан яшаётган Ибрат учун Афғонистон ва Туркияда истиқомат қилиб қолган тоғалари суянч бўлиб турардилар. Улар асосан савдо ва тадбиркорлик ишлари билан шуғулланар, баъзан Ибратни ҳам мактаб таътили вақтларида уч ойга ўзларига чақириб олардилар. Улар таъсиридами бола ўз ҳаётини ёшлигиданоқ гўзал ва ҳашаматли орзулар ҳамроҳлигида бошлади. Гарчи хаёлий бўлсаям.
У қишлоғидан ўн олти ёшида чиқиб кетган бўлса, йигирма йил деганда қайтиш насиб қилди. Бу йилларида у ўтказган воқеалар нечоғли аянчли бўлса-да, бу ерда эшитганлари ундан-да баттар қайғули эди.
Ибрат ўзига таниш, ҳали-ҳамон ўзгармаган ғарибгина эшикни тақиллатди ва кутмасданоқ очиб ичкарига интилди. Сандал ёнида ўта кексайиб қолган муйсафид ўтирарди.
Қария қадам товушидан сергакланиб суради: – Ким? Ким у?
Ибрат соғинч билан унга талпинаркан, “Ҳикмат ота, ассалому алайкум, мен Ибратман”, деди ҳаяжон билан. Қариянинг кўзлари деярли ўтмай қолганди: – Ким у Ибрат?
Ибрат унинг ёнига тиз чўкканча деди: – Отажон, бир вақтлар сизнинг қўшнингиз, Гуландон аянинг ўғли.
Қария сергакланиб: – Гуландон! Унинг ўғли! Ибрат!.. Сен тирикмидинг? – деди.
– Отажон, эсладингиз-а, мени унутмагансиз-а, айтинг, айтинг, отажон.
– Сени ўлган деб ўйловдик-а, эсиз. Онангни юраги сезган экан-да, охирги нафасигача, болам тирик, дерди-я, шўрлик.
– Онам ўлдиларми, ота?
– Олти йил бўлди унинг бу фоний дунёдан кўз юмганига, охирати обод бўлсин ишқилиб, кўп армон билан кетди-да (қўли билан пайпасланиб). Кел, болам. Бағримга босай. Онанг учун ҳам бир қучоқлай, болам, қаерларда эдинг, ахир?
– Отажон, мен нималар қилиб қўйдим?
– Юр, кеч тушмаси унинг қабрига олиб борай сени. Кўзларим яхши ўтмайди, болам, етаклаб оласан-да.
Улар қабр бошига келдилар. Ибрат тиз чўкиб тупроқни қучди.
– Нима қилиб қўйдим, онажон, мен нимада хато қилдим?..
Қария чуқур хўрсинди.
– Ҳа-а, сен тенгқурларинг орасида жуда эрта балоғатга етган, рўзғор ташвишларини эрта бўйнига олган, онасига меҳрибон, ақлли бола эдинг, болам, буни ҳаммамиз билиб турардик, сен қаторилар мактаб тугаб каникул бошлангач тўп тепиб, сойда чўмилиб ўйнашни бошласалар, сен эса ишлашга жўнаб кетардинг, сал бўлса-да пул топиш илинжида бир дам тинмасдинг. Бахтга шошиб интилганинг хатоми бу, ахир, болам. Шу сабаб сени каттаю кичик яхши кўрардик, тенгдошларингга намуна қилиб кўрсатардик. Ёзда тоғангникига кетгач, у ёқда уруш бошланди деб эшитдик, кейин сендан ҳам дарак бўлмади, хайрият, омон экансан, бунинг ўзи катта давлат, гапирма, ўғлим, уринма, сени тушуниб турибман. Бошқа болалар қатори тўп тепиб юрганингда бу балоларга гирифтор бўлмасдинг, ақллилигинг бошингга ташвишлар солди, болам. Буни онанг ҳам яхши тушунар, сен билан фахрланарди. Энди у орзу қилгандай яшашни бошла, унга муносиб бўл, руҳингни бардам тут. Эсингда бўлсин, биз ҳаммамиз буюк Яратгувчимизга қайтгувчимиз. Кимдир эрта, кимдир кейин. Гап бизнинг қанча яшашимизда эмас, асосийси, унинг даргоҳига ёруғ юз билан қайтишимиздадир. Ҳа, ҳамма гап шунда, болам. Энди эса, тур уйга қайтамиз, болам. Онангни охирги кунигача Хатира ювиб-таради. Сендан келган хатларни ёлғондан ўзи ёзиб ўқиб турди, ўз қизидан ортиқроқ ҳамдард бўлди унга, ёлғизлатиб қўйганимиз йўқ. Тог халқи одатини яхши биласан-ку. Энди эса кетдик.
Йўлда Ибрат секин Хатирани сўради: – Ота, Хатира, ҳалиги… Хатира турмушга чиқиб кетдими?
– Оҳ, кошкийди шундай бўлса…
Хатира ҳақидаги хабар ҳам ўта қайғули эди.
– Э, болам, нимасини айтасан, – уф тортди қария, – Хатиранинг, бечора боламнинг бошига катта кулфат тушди.
Қариянинг изтиробли ҳикоясидан маълум бўлишича, бир куни тонгда Хатира қараса Ибрат онасининг уйи деразасидан қуюқ, қоп-қора тутун ўрлармиш. Жон ҳолатда югурган қиз эшикни очиши билан шамол таъсирида қуюқ тутундан лоп этиб олов чиққан ва бутун уйни қоплаган. Ичкарида хириллаган кампир қолганини кўрган қиз бечора ўзини уйга урган, бир амаллаб кампирни судраб ташқарига олиб чиққан-у, ўзи ҳам ҳушидан кетган. Қўни-қўшнилар ёрдамга чопишган ва қўлдан келганча кўмаклашган. Аллакимлар оловни ўчирган, кимдир дўхтир топган. Бироқ, энг ачинарлиси, деди у, бечора қизнинг айнан юзлари куйиб кетган. Бун-дан жуда хунук яра излари қолган. Шунинг учун ҳам қиз ҳамиша юзини рўмол билан бекитиб юради. Қошкўзлари яна ўсиб олдингидай гўзал ва кўркам бўлади, бироқ юзлари…
Чол бошқа гапира олмади, тоғ чўққиларига боққан кўйи қотиб қолди. У шу ҳолатда ўша мудҳиш воқеани худди кўз олдида ҳозир ҳам гавдалантираётган мисол нотавон ва ғариб алфозда эди. У шу кўйи Ибратнинг сафари нега бунча чўзилганига ҳам қизиқмади. Йигит ҳам савдо юзасидан икки бой одамнинг ҳамроҳлигида Афғонистонга ўтгани, улар дўконида хизмат қилгани, дўкон эгаларидан бирисининг тўсатдан вафот қилгани, унинг аламзада қариндошлари туҳмати туфайли олти йил қамалиб кетгани, сўнгра у ердан қочишга муваффақ бўлиб Туркистон ва Туркияга кетганини тушунтиришнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Буни ҳеч кимга қизиғи ҳам йўқ. Ватанига қуруқ қўл билан қайтишни хоҳламай, у ерда бойиш учун ўтказган кунлари ҳақида гапирмаям қўя қолди. Фақат яхши, оқибатли одамлар туфайли йўл топиб яхши тадбиркор бўлгани, ҳозирда Туркияда телевизор ишлаб чиқарувчи катта корхонаси ва атторлик дўкони борлигини айтди, холос.
Шундан сўнг чол уни онасининг қабрига олиб борди. Мунғайиб турган қабр қошида Ибрат узоқ қолди. Ўз фарзандлик бурчини бажара олмаган, фақат ўзигагина аён бўлган тақдир сўқмоқларида унинг ҳаётлигида бахтли қилишга улгура олмаган лаҳзалар армони билан узоқ ўтириб қолди.
***
Шундан сўнг Ибрат ўз режасига кўра шаҳарда қилган биринчи иши электр билан ишлайдиган жиҳозлар ишлаб чикарадиган корхонани сотиб олиш бўлди. Хорижда ҳам худди шундай корхонага эга тажрибали ва ўта билимли бу йигит учун ўз мақсадларини амалга ошириш йўлида турдош корхона айни муддао эди. Барча керакли ҳужжатларни имзолаш ҳам унинг учун қийин кечмади.
Мустақиллик уфуриб барча жабҳаларда бозор иқтисодиёти кенг демократлашаётган, кичик бизнесни ривожлантириш, хусусий тадбиркорликка катта йўл берилаётган эди. Шунинг учун ўз Ватанида яхши ниятлар билан иш бошлашини мутасадди инсонлар қўллаб-қувватладилар. Уларнинг ёрдами ва эътибори, хайрихоҳлиги қалбини жуда тўлқинлантириб юборди ва бундан ҳайратда ҳам эди. Чунки, у чет элда эканлигида бундай ишлар бошлаш анча зиддиятли эканлигини эшитиб жуда иккиланиб ва бироз ҳадик билан барча истакларини жиловлаб турганди. Бариси ёлғон экан. Изланган ва ҳаракатдаги инсон учун бу жой чексиз имкониятлар макони эканини тушуниб етди. Иқтидор, билим, меҳнатсеварлик, маблағ ва қизиқиш бўлса, шунинг ўзи етарли эди.
Савдо ва бизнесда анча тажрибага эга Ибрат ўз ишини қисқа вақт ичида йўлга қўйишга интилди ва ҳар галгидек буни уддалади ҳам. Лекин бир сония ҳам Хатирани унута олмасди. Фикру зикри уни қидириб топишда эди. Умид ва ишончгина унинг ҳаётдан буткул совиб бораётган қалбига таскин бериб турарди. Кучли бир адвокат ёрдамига муҳтож йигит изқувар суриштириб шундай одамни топишга муваффақ бўлди. Бу борада яна Аббос Валининг маслаҳати қўл келди. Бу йигит 30-35 ёшлар атрофидаги баланд бўйли, қирра бурун ва малла соч йигит эди. У ўз ишига уста ва астойдил киришадиганлар хилидан эди. Буни Ибрат бир кўришдаёқ ҳис қилиб кўнгли тўлгандик бўлди. Бироқ ҳамиша кўнгил тубидаги оғир бир шубҳадан озорда эди. “Уни топа олармикинман?..”
Шу мақсадда танишлардан суриштириб махфий давраларда энг кучли деб тан олинган бир изқувар топди. У билан иш кабинетида учрашдилар. Уни умид ва илтижоли нигоҳи билан кутиб оларкан, Ибрат астойдил гапирди:
– Салом, адвокат, сиз билан танишганимдан хурсандман ва бошлаяжак ишимиз муваффақиятидан умидворман.
– Салом, Ибрат Сафо, – адвокат уни хорижлик деб билар ва мумкин қадар унга расмий сўзлар билан мурожаат қилишни маъқул кўрар экан, сабрсиз бир ифода кўзларига қалқиб чиқди. «Бу жаноб қандай юмушни менинг зиммамга юклар экан, буни уддалай билармикинман».
– Яқинда юртимизда иш бошлаган бўлсангиз-да, сиз ҳақингизда илиқ тасаввурларга эга эканлигимни яширмайман.
Ибрат унинг бу жавобидан бироз мамнун, бироқ ўзи ҳақида аллақачон бир қадар билиб улгурган бу одамга қизиқсиниб қаради. Унинг бу қизиқишини сезган адвокат сўзларини давом эттирди.
– Даврий газетада ўтган ҳафта чоп этилган «Ҳамкорлик уфқлари» мақоласини ўқиб чиқдим. Унда хорижлик ишбилармонларнинг юртимизда тадбиркорлик борасида икки томонлама манфаатли қўшма корхоналар очишаётгани ва бу борадаги тафсилотлар тўғрисида кенг ёритиб берилган. Қизиғи шундаки, унда сизнинг иш фаолиятингиз ҳақида кўпроқ тўхталишган. Адашмасам, сиз янги электр жиҳозлар ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш лойиҳаси бўйича иш олиб бораётган экансиз.
Ибрат унга синиқ ва маъюс тикиларкан деди:
– Мени кечиринг, адвокат, мен ҳақимдаги яхши таассуротларингиз учун раҳмат. Лекин сиз бироз адашдингиз. Мен хорижда эмас, шу заминда, тоғда туғилиб ўсганман. Сиздан яшириб нима қилдим. Ахир дилимни ўртаб келган дардни очиш имкониятларида ҳаммасини айтишим керак, сиздан кўмак сўраб турибман ахир.
– Қулоғим сизда, Ибрат жаноблари, менга бемалол ишонишингиз мумкин.
– Раҳмат сизга, ҳали айтганимдек, биз тоғда яшардик, тоғаларим кандаҳорлик, улар савдо ишлари ва дўкондорлик билан шуғулланардилар. Мен эса ёзда ўн олти ёшимда бироз ишлаб пул топиб келиш мақсадида улар ёнига бордим-у, тақдир тақозоси билан у ёқда йигирма йил қолиб кетдим. Бу айтишгагина осон. Ёлғиз онам ортимда қолган бўлиб, Хатира исмли қўшни қиз, яъни менинг синфдошим унга қараган. Унинг ота-онаси тоғда зилзила пайти кўчки тагида қолиб вафот этишган экан. Тоғ одамларининг нақадар одамийлик борасидаги фазилатларини ҳамма билади. Шу сабабли уни ҳеч ким ёлғизлатиб қўймасликка интилган, қўшнимиз Зулфизар хола фарзандсиз экан, уни асраб олган. Қизнинг исми асли Заҳро бўлса-да, ёш кетган ота-онаси хотираси учун уни қишлоқдагилар Хатира деб атаганлар. У ўша пайти, онамнинг айтишича, бир яшар гўдак бўлган. Хорижда бошимдан не кунлар ўтганлигини айтиб ўтирмайман, – Ибрат кўзларини олис бир нуқтага тикканча кўнгли тўла дардли овозда давом этди, – Ҳусан исмли бир ҳамюртимиздан онам учун пуллар, совға-саломлар, хатлар бериб юборар эдим. У эса хат жавобини олиб келар эди. Бундан таскин топиб юртимга жуда катта бойлик ва обрў билан келиш орзуси қалбимни буткул эгаллаб олди. Бироқ маълум бўлишича, бундан олти йил бурун онам оламдан ўтган экан. Унинг номидан келган хабарлар ҳам қалбаки бўлиб чиқди. Хатира эса қўшнимиз, кекса чолнинг айтишича, дараксиз кетиб қолган. Онам вафотидан сўнг икки-уч йил қишлоқда яшаган, сўнг қийинчиликлар туфайли шаҳарда ишлайман деб кетиб қолган. Ана шунақа гап, адвокат. Мен уни топишим керак, ҳа айтганча, эсимдан чиқибди, унинг алоҳида белгилари бор. Бир кун онам ухлаб қолганда танча атрофидаги кўрпачага чўғлар тушган ва уй димиқиб тутаган. Буни ногаҳон кўриб қолган Хатира шу тарафга қараб югурган ва зич эшикни зарб билан тортган, тўсатдан кирган ҳаво зарбидан олов чиқиб уй ёнган. Хатира эса онамни қутқариш учун ўзини уйга урган, бир амаллаб онамни чиқарган. Лекин ўзининг сочлари, қошкиприклари куйиб кетган. Шу туфайли доим юзларини рўмол билан беркитиб юришни одат қилган. Мен унинг расмини сизга бермоқчиман, мана у, – йигит бўйнидаги медальонни эҳтиётлаб ечиб, шошмасдан столга қўйди. Тоза тилладан жуда бежирим ясалган занжирга юрак шаклидаги медальон жойлаштирилган. Унинг бир тарафига кекса кампир, иккинчи тарафига эса жуда гўзал ва мафтункор, бироқ бироз маъюс табассумли ёш қизнинг сурати моҳирлик билан жойлаштирилган эди.
Изқувар расмга синчков тикилди. У ҳақиқатан ҳам жуда чиройли эди. Лекин эндиликда тақдирнинг кетмакет зарбасидан балки бутунлай хунук ва кўримсиз бўлиб қолган, бахтсиз қиз эди. Лекин адвокат рўпарасидаги бой йигитга, унинг буткул тушкун қиёфасига тикилар экан, қаршисида унинг ёрдами ва кўмагига муҳтож инсоннинг шу кунгача босиб ўтган муваффақиятлари, омади ва шуҳратида, бойлигида ана шу икки инсоннинг беқиёс ҳиссасини баралла ҳис этди. Ва унга чин дилдан ёрдам бергиси келди.
– Ҳа, онам ва Хатира ҳаётим мазмуни эди. Тоғда қиш жуда совуқ ва суронли кечади. Баъзан қалин қор ёққач муз йўлларда юриш ноқулайлиги учун ҳафталаб мактабларда дарс бўлмасди. Шунда бирга дарс тайёрлардик. Биз бирга эдик. Ана шунинг ўзи барча ташвишларимни ёпиб, бахтли болалигимизни таъминлашга асос бўларди. Шу икки инсон мени Ибрат Сафо қилди, яшашга куч бағишлади, иродали инсон бўлишимга ёрдам берди. Уларни ўйлашим билан чарчаган асабларим яйраб кетар эди. Мен келажакда уларни бахтли ва бекаму кўст ҳаёт билан таъминлашим учун бойлик ва пул жуда керак бўлишини ҳис этардим. Ва бор кучим билан шунга интилдим. Афсус, мен истаган ва улар учун аталган нарсаларга бугун эгаман, лекин улар йўқ, бириси ўлган, бириси дараксиз. Бу қандай кўргулик. Хатирани топиш учун ҳеч нарсани – вақтниям, имконият ва пулниям аямайман. Илтимос қиламан, менга ёрдам беринг, онам ўлган, унинг мен учун азиз ва қадрдон руҳи ҳаққиҳурмати Хатирани топишим ва уни бахтли қилишим керак. Бусиз армон билан кетаман.
– Хавотирланманг, дўстим, – адвокат бу сафар унга чексиз ҳурмат ила қаради. Беихтиёр унга ўзини жуда яқин тутгиси келди, – мен уни албатта топаман, кўнглим сезиб турибди, газетага эълон бериб қўямиз. Яна ўйлаб турибман. У балки юзларини пластик операция қилдиргандир. Ахир бу ҳозир жуда урфга кирган.
– Йўқ, адвокат, мен яқинда кекса қўшнимизни кўрдим. У охирги марта жуда тушкун қиёфада бўлган ва уч йил олдин қишлоқдан чиқиб кетган. Иннайкейин, у тоғлик қишлоқ қизи, бунақа тиббиёт ютуқларини билмайди. Билганда ҳам унинг пули йўқ. Турмушга ҳам чиқмаган, қолган умрини энг савоб ишларга бағишлаб, Оллоҳни ёдлаб ўтказажагини айтган.
– Умидсизланманг, кўнглимда катта умид, албатта бу қизни топаман.
– Раҳмат, дўстим, орамиздаги бу гаплар шундоқлигича қола қолсин. Олди-қочди гапларни ёқтирмайман. Ортиқча шов-шув ҳам… мени тушунгандирсиз.
– Ҳаммаси Сиз хоҳлагандай бўлади.
– Сизнинг телефон қўнғироқларингизни ҳар дақиқа кутиб ва соғиниб яшайман, – шундай дея уни эшиккача кузатди.
***
Эслади. Тоғаси иккаласи ҳар галгидек дўконда ёлғиз қолгандилар, у бугун негадир одатдагидан ўзгача хавотирли овозда эшикни ичидан беркитди, сўнг жиянига юзланди.
– Ўтир, Ибрат, сен билан жиддий гаплашиб олмоқчиман, кўриб турибсан, бу ер нотинч, юртда қашшоқлик авжига чиқяпти, ёнгинамизда бир-бирига қарамақарши икки гуруҳ ҳукмдорлик учун аёвсиз уруш олиб бормоқда. Шу пайтгача чет-четда кураш кетарди, ҳозирги кунда эса бемалол пойтахтга ҳам яқин келмоқда, – тоғаси оғир тин олиб унга тикилди. Овозида Ибрат шу пайтгача ҳис этмаган дард ва таҳликани сезиб олдиндан юз беражак нохуш воқеани ҳис этгандек юраги зирқ этиб кетди.
– Нима демоқчисиз, тоға, очиқроқ айтаверинг.
– Биз эҳтиёт бўлишимиз керак, яхшиям кеннойинг ва икки жиянингни Туркияга, укамникига жўнатганим. Биз дарҳол қиммат молларни арзон бўлса-да тез-тез сотиб бу юртдан чиқиб кетишимиз керак.
– Нега, бизнинг ҳеч гуноҳимиз йўқ-ку.
– Ким билади дейсан. Уруш гуноҳкор, гуноҳсизни фарқлайдими.
Ибсол амакингни босмачиларга ёрдам бергансан, уларни пул билан, овқат билан таъминлагансан, деб бир гала номаълум одамлар олиб кетган, қаёққа олиб кетганиниям ҳеч ким билмайди. Мен банкдаги ҳамма пулларимни Турк банкига ўтказдим. Кодларини яхши биласан. Ҳар эҳтимолга қарши сени ҳозир Сурхондарёга, Термизга жўнатолмайман. Айтишларича йўлдан – чегарадан ўтаётган қарию ёшни қаттиқ сўроқ қилаётганмиш, айримларини беайб гуноҳкор ҳисоблаб қаматиб юбораётганмиш. Бу гапларнинг нечоғли тўғри-нотўғри, буни Оллоҳ билади. Шунинг учун шу ой охирида Покистон орқали йўлга чиқамиз. Сени кейинроқ бирон-бир тинч йўл билан онанг ёнига қайтараман. Бечора кутиб ўтиргандир.
Ибрат онасини, тоғлик қишлоғини соғинганини яширолмасди. Яна… Хатирани, синфдоши, қўшни қизни, Ҳикмат отани ҳам, тоғлик ўртоқларини ҳам соғинганини яширолмади.
– Хатира дедингми, у яхши қизми? – тоғаси жиянининг у ҳақида гапирганда кўзидаги ўтни кўриб атай сўради.
– Нимасини айтасиз, ота-онаси кўчки тагида қолиб вафот этишган. Унинг номи аввалига Заҳро бўлган. Ота-онаси вафотидан сўнг одамлар унга Хатира деб исм қўйишган. У ота-онасини деярли эслолмайди. Асраб олган кампир вафот этгач, деярли у биз билан яшайди. Онамга шунақа меҳрибонки, у бор учун ҳам бу юртда юрибман, отда яхши югуради, ўғил болаларча иш қилади.
– Чиройлими?
– Жуда гўзал, унинг кўзлари кулганда шунақа чиройли бўлиб кетадики, болалигим у билан бахтиёр ва шодон ўтди. Худо хоҳласа, у мени кутаётган бўлса керак, уни бахтли қиламан. Онам ҳам хурсанд бўлади.
– Оббо полвон-эй, бу томонлама жуда пухта экансанку. Тузук. Тўйингни, худо хоҳласа, ўзим ўтказаман, унга энг қимматбаҳо сеплардан тортиқ қиламиз. Қишлоқнинг бутун қизлару келинларининг бир ҳаваси келсин, нима дединг.
– Ҳа, шунинг учун ҳам бу ерларда ишлаб юрибманда, – чексиз соғинч ва умид билан деди у.
– Энди асосий муддаога кўчсак, шундай қилиб вазият бу ерда ўта таранг. Қурби етганлар секин-секин тинч жойларга кўчиб кетишни бошладилар.
– Демак моллар баҳосини сал арзонлаштирамиз-а.
– Шундай, ўғлим, сен эшикни очиб савдони давом эттир, мен бир гузарга чиқиб келай-чи, бугун нима гап, нима янгиликлар юз бердийкин.
Тоғаси ҳадиксираган воқеа худди шу суҳбатдан сал кейинроқ юз берди. Юкларини сафар олдидан тахлаётган кунлари эди.
Олти-етти соқол-мўйлови ўсган, қўполроқ одамлар дўконга кирдилар.
– Саид Носир сенмисан, босмачиларни ҳимоя қилаётган айғоқчи.
– Сиз мени кимгадир адаштиряпсиз, тақсир.
– Юм оғзингни, сен билан керакли жойда гаплашаман, сотқинлар, хоинлар, ҳамманг бир гўрсанлар.
– Менинг ҳеч қандай айбим йўқ. Бор-йўғи шу кичик дўконни юргизиб, тушумидан рўзғор тебратиб турибман. Кўриб турганингиздек моллар ҳам кам қолди. Чет-дан олиб келолмаяпмиз. Савдо ҳам, пул ҳам, барака ҳам йўқ.
– Ўчир овозингни, олиб чиқинглар буни.
– Тегма менга, – куч билан силтаб ташлади яқинлашган икки одамни.
– Бу яна ким бўлди? – улар энди ёш Ибратга қарадилар.
– Уни танимайман, – тўсатдан ҳайқириб юборди тоғаси. Унинг овозида алланечук озор ва хавотирни, ўзидан-да кўпроқ жияни учун хавотирни англаб Ибрат сесканиб кетди. Ранги оқариб пештахтага суянди.
– У харидор бола.
– Шунақами, ҳай майли, сен айтганча бўлақолсин. Ҳой, сенлар, дўкондаги ҳамма молни ортинглар.
Ибрат тоғасига алам ва изтироб билан қараркан, танасидаги ожизона бир кучдан инграб юборди. Нега тоғаси уни танимасликка олаётганини яққол тушуниб турарди. Мана меҳрибон тоғаси. Балки уни охирги марта кўраётгандир. Шундай қўрқоқлик билан хайрлашадими у. Шунча яхшиликлар қилган тоғаси билан-а?! Йўқ!.. Йўқ!..
Ана тоғасини аравага чиқаришди. Сўнг уч-тўрт отлиқ ҳамроҳлигида тоғ тараф йўл олишди.
– Тоғажон! – ўзи ҳам билмай улар кетидан югурди бола, – қўйворинглар уни. Унинг ҳеч қандай гуноҳи йўқ. Нима керак сизларга?
– Ана, эшитдингларми, бу тирранча ҳам унинг шериги экан, балки у ҳам айғоқчидир, ушланглар униям, – отдан тушган икки нафар одам унинг қўлларини қайиришди. Болага энди барибир эди. Унинг икки кўзи ёлғиз тоғасига қадалган эди.
– Тоғажон! – яна бақирди у.
Тоғаси эшитди, унинг хаёлидан нималар ўтаётганини билиш қийин эди. Бироқ у ҳам жияни кўнглидан ўтказаётган оғриқни баралла ҳис қилиб турарди. Боланинг кўнгли эса шу топ қушдек енгил эди. Шу айтган чин сўзлари фавқулодда унга ажабтовур куч ҳам бағишлаётгандек эди.
Шундан сўнг тоғаси Саид Носирнинг тақдири номаълумлигича кетди, болага эса ҳар хил айблар тўнкаб олти йилга қамаб юборишди. Бироз вақт ўтиб яхши одамлар ёрдамида қамоқдан қочишга муваффақ бўлди. Бир амаллаб Туркияга етиб келган йигит унинг номига тоғаси анчагина маблағ қўйганини билди ва кичик тоғаси кўмагида мустақил фаолиятини бошлади.
***
Ибрат сотиб олган корхонасига илк маротаба Аброр Вали билан борди. Мамлакатдаги хусусий тадбиркорлик ва ишбилармонлар уюшмасидаги энг катта лавозимлардан бирини эгаллаб турган бу одамга Ибрат жуда ёқиб қолган, унинг келгуси режаси, мақсади ва ҳаракатларини беихтиёр ҳурмат қила бошлаган, шу сабаб катта умид ва қизиқиш билан унинг барча ишларини кузатиб борарди. Табиатан ўта димоғдор, айёр ва шуҳратпараст бу инсон учун ўзидан анча ёш Ибратни қўллаб-қувватлагунча уни яхши ўрганди, тажрибаси катталигига имон келтирди ва кун сайин яқинлашишга имкон қадар самимий ҳаракат қила бошлади.
Аслини олганда, бу корхона ёпилиш арафасида турар эди. Кейинги пайтларда харидорлар ҳам кескин камайган, ишчилар маош камлигидан нолир, дастгоҳлар ҳам эскирган эди.
– Хўш, дўстим, ишни нимадан бошламоқчисиз?
Ибрат корхонани кузатар экан, бино таъмирлашга муҳтож, атрофлари кўримсиз ва ўзи тасаввур қилгандан ҳам аянчли эканини кўриб деди:
– Кўриб турибман, бу ерда иш жуда кўп экан, бироқ мана шундай жойларда иш бошлашни яхши кўраман. Инсоннинг нималарга қодирлиги, уддабуронлиги ва кучи шундай пайти синалади. Ишни нимадан бошлаш керак, деган савол ўзимнинг ҳам миямда чарх уриб турибди. Биз маълум муддат, балки бир-икки ойдир, – ўзига жуда қаттиқ ишонган ва дадил, шижоатли кўзларини узоқларга тиккан кўйи давом этди у, – ишчиларга ўз ҳисобидан меҳнат таътили бераман ва корхонани тўлиқ таъмирдан чикараман.
Бу борада иккинчи қиладиган ишим экспертлар чақираман, барча дастгоҳ ва ускуналарни, асбобларнинг яроқли-яроқсизлигини аниқлаб чиқаман. Улар ўрнига хориждан янгиларини буюртма қилиб қисқа вақт ичида ўрнатишга ҳаракат қиламан.
Махсус тест орқали ходимларнинг қобилиятлари даражасини аниқлайман ва хорижга малака оширишга жўнатаман. Бу узоқ вақт талаб қилмайди.Улар ўн-ўн беш кун ичида ўз соҳаларига оид янгиликлардан батамом хабардор бўлиб келадилар. Кейин эса галдаги гуруҳ жўнайди. Бу ишни мунтазам йўлга қўяман. Ундан кейин шунга ҳаракат қиламанки, бу ерда телевизорларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чикаришни ҳам йўлга қўйиш керак. Албатта, бу секин-секин амалга ошириладиган иш. Кейин эса ходимлар иш ҳақини кўпайтириш, мукофотлар таъсис этиш, ташқи томондан эса енгил автомобилларни таъмирлаш учун жой ташкил этиш. Ўшанда ишчи ўринлари икки бор кўпаяди, анча одам иш би-лан таъминланади, хуллас, инсонлар эҳтиёжи учун энг керакли, намунавий корхонага айлантирмоқчиман бу ерни. Мана менинг мақсадим.
Албатта, буларнинг барчасига эришиш учун бир мунча вақт талаб қилинади. Бироқ энг асосийси ўз юртимда бажараётган бу ишларимнинг барчаси менга чексиз ҳузур-ҳаловат бағишлайди.
– Ишларингизга чин дилдан муваффақиятлар тилайман, – унинг келгуси режаларидан кўнгли тўлиб қойил қолганини яшириб ҳам ўтирмади, – мен эртага тушликка сизни уйимга таклиф қилмоқчиман. Хонадонимиз меҳмони бўласиз. Бундан оиламдагилар ҳам хурсанд бўлишади.
Шундай дея у Ибратнинг қўлларини маҳкам қисиб хайрлашди. Унча-мунча одамни писанд қилмайдиган, ишига ўта пухта, ўз фойдаси учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бу такаббур одам негадир шу топда унинг олдида ўзини ожизона ҳис этар ва зўр бериб билдирмасликка ҳаракат қиларди.
Ўз ишларининг тез илгари кетишида бу инсоннинг ёрдами катта дея билаётган Ибрат юрагида унга нисбатан фақат олижаноб муносабатлар, дўстона туйғулар уйғонаётганди. Шунинг учун келган куниданоқ феълига сингиб кетган ҳақиқий дўст, таниш-биродарлар орттириш мақсадида юрган йигит унинг таклифини чин дилдан қабул қилди.
Йигит унинг хонадонига кириб бораркан, ниҳоятда дидли ва бежирим услубда қурилган уйга бир-бир қизиқиш билан назар солди. Ахир шундай тартибли ва гўзал уйда қалбан ҳам чиройли инсонлар яшайди-да, дея ҳаваси ортиб борарди. Кираверишданоқ уй соҳибининг ўзи уни ўта илтифот билан кутиб олди ва меҳмонхонага бошлади. Меҳмон кутиб ўрганган мезбон гапни-гапга улаб бошиданоқ уни зериктирмасликка ҳаракат қилар ва буни уддалаётганди ҳам.
– Хуш кўрдик, хуш кўрдик, Ибратжон. Илтимос, ўзингизни худди уйингиздагидек ҳис қилинг. Истасангиз, сизга ҳақиқий ўзбекона мумтоз қўшиқлар қўйиб беришим мумкин. Бу ғазалларни тинглаш жон-дилим. Замонавий эстрадага қарши бўлмасам-да, бироқ улар асло бизнинг тенгсиз бўлган бу қўшиқларга бас келолмайди. Қаранг-а, «Чўли Ироқ», «Соҳибқироним» («Тоҳир ва Зуҳра» достонидан), «Ўртар», «Муножот». Уларни англаб, ҳаёт ва яшашнинг туб маъносини ўйлайвераман, бироқ сира адоғига ета олмайман, тубсиз кенгликларга олиб кетади бу мусиқалар.
Бу каби гаплари билан ўзини ўта маданиятли, яна санъат ва адабиётга ошно қилиб кўрсатишга муваффақ бўла олди ва Ибратда жуда яхши таассурот қолдираётганди, ўрта ёшли бир киши эса стол безаш билан машғул бўлди, балки қариндошидир.
– Қани, Ибратжон, бугун ҳамма расмий мулозамат ва аллақандай иш қоғозлар, ҳужжатлар ҳақдаги гапларни бир жойга йиғиштириб қўямиз-да, кўнглимизда яшириниб ётган оддий, содда нарсалар ҳақида гаплашамиз. Гоҳида шундай бир дилкаш инсонни қўмсайманки, унинг қаршисида гўё гўдакдек беғубор, барча ташвишлардан холи ҳис қила олсанг ўзингни, ҳа, бундай орзуга етиш жуда қийин кечади баъзида. Бироқ сизнинг қаршингизда худди шу ҳисларнинг аста-секин уйғонаётганини ҳис этиб турибман. Ва бундан жуда хурсандман. Қани, дастурхонга марҳамат, мен ҳозир…
Магнитафонда эса Ибрат ёшлигида кўп бор эшитган маҳзун «Муножот» янграй бошлади.
«Муножот»…
Бир пас холи қолган Ибрат оғир хаёлга чўмди. Бола-лиги, ўсмирлиги, Хатира, тоғалари, Ҳикмат ота, барча-барчаси кўз олдидан ўтаркан, секин медальондаги икки чеҳрага тикилди. Бир тарафда мунис онаси, бир тарафда эса ҳаётининг мазмуни, синфдоши, севикли қизи Хати-ра унга маъюс тикилиб турардилар. Унинг ҳаётидаги энг қадрдон, энг ардоқли инсонлари. У ҳеч қачон мана бу хонадон соҳиби каби ўзи учун азиз бўлган бу инсонларга бу каби шинам уйлар қуролмайди, севинч, бахт ва хотиржамликлар ато этолмайди, ҳеч қачон, ҳеч қачон… Шунча пули, бойлиги бўлсаям… Бу қандай кўргулик… О онам, бечора онагинам…
Хатира… ҳеч бўлмаганда уни топганда эди, бошқалар каби гўзал ҳаёт қурарди. Ўшанда онам арвоҳи ҳам шод бўларди. Қачон келади у кунлар…
– Зерикмадингизми, Ибрат, – хонага кириб келган мезбон унинг хаёлларини бўлиб юборди, – қани, олиб ўтиринг, ҳозир ўзбекона ош тайёр бўлади. Сиз учун энг яхши ошпаз чақиртирганман, ўшанда бу ошнинг кўча ошхоналариникидан фарқини билиб оласиз.
Шу пайт хонага қирқ ёшлардаги семиз, дўмбоққина аёл ва чамаси йигирма ёшлар атрофидаги қизи билан кириб келишди
– Танишинг, Ибрат, менинг оилам Дилдорахон, меҳр-муҳаббат билан йигирма йилдан буён хонадоним чироғини ёқиб турибди, бу эса қизим Алфия – институтда ўқийди, молияга қизиқади. Ўғлимиз Фарруҳ ҳали кичкина, гимназияда ўқийди. Бу киши эса сизларга гапириб берганим Ибрат Сафо бўладилар. Биз қисқа фурсатларда дўстлашдик ва у ўзининг олижаноблиги, камтаринлиги, билими билан қалбимни забт этди. Мен уни ҳурмат қиламан, – ҳурмат сўзига алоҳида урғу берди, бу билан у ҳар қандай одам билан оғиз-бурун ўпишавермайман, писанд қилавермайман, тан олмайман, демоқда ҳам эдики, таг маъносини Ибрат тўла тушуниб кулимсиради.
– Раҳмат, раҳмат, сизлар билан танишганимдан жуда хурсандман. Бахтли оилаларни кўрсам ўзимни алланечук кўкда, булутлар оша учиб юргандек енгил ва ажабтовур ҳис қиламан. Шундай оилалар кўпайиши, барча-ни бахтли ва хаётидан мамнун яшашини кўриш қандай яхши.
– Жуда романтик экансиз, – деди аёл.
– Ҳа, бир вақтлар шеър ёзардим, ўзимча қўшиқ ҳам хиргойи қилардим. Балки адабиёт ўқитувчимизни жуда яхши кўрганлигим сабаб бўлган бўлса керак.
– Буни қаранг-а, бўлиши мумкин, бўлиши мумкин, – аёлнинг бирдан Ибрат бўйнидаги медальонга кўзи тушди, – бу киши онангизми?
– Ҳа, – чуқур хўрсинди йигит, – бу онам, иккинчи томонидаги эса синфдош қизим, юрагимнинг энг қадрдон инсонлари.
– Чиройли қиз экан синфдошингиз, уни севармидингиз, – Алфия нигоҳини узоқдан суратга қадаркан сўради, – отасининг ранги негадир ўзгариб кетди, табиийки, қизининг бу саволи ва қизиқаётган мавзуси ҳақида гап кетишини сира хоҳламаётганди шу топда. Қизининг соддалиги, бўшлиги унинг ғашини келтирди, меҳмоннинг ўзи учун ёқимсиз хотираларни қўзғатиб қўйганлиги учун хотинига ўткир маъноли қараб қўйди. Хотини сезди, эри ёқтирмайдиган ва ҳатто кераксиз деб ҳисоблайдиган мавзу ҳақида гап кетаётганди. Бироқ уни тўхтатишга илож бўлмай қолди.
– Нимасини айтасиз, – йигитнинг кўзлари фавқулодда аллақандай ўтдан чақнаб кетди. Гўё узоқ ҳижрон ва соғинчлардан толиққан ва кейинги пайтлар умидсизликлардан руҳсизланган кўзларига шу саволнинг ўзи ҳам гўёки нур бергандек эди. Ҳатто суҳбатдошига бу саволнинг берилгани учун миннатдорона боқаётган ҳам эди. Қиз томон ўгирилиб очиқ чеҳра билан боқди.
– У менинг энг яқин дўстим эди. Қўшни турардик. Жуда гўзал эди у. Қалби тоза, раҳмдил ва самимий. Кўзлари шунақанги тиниқ ва мусаффо эдики, бу кўзлар ҳозиргача мени қудратда тутиб туради, курашувчанликка чорлайди, ғойибона куч бағишлайди.
– У… У ўлганми?
– Йўқ, йўқ, – гўё бу сўзлар рўёга айланишидан ваҳимага тушган йигит бир қалқиб кетди, – йигирма йил бўлди кўришмаганимизга. Бунинг тарихи жуда узоқ. Яқинда тоғдаги уйимизга боргандим, уни тирик дейишди. Қанийди шундай бўлса.
– У балки турмушга чиқиб кетгандир, оиласи билан яшаётган бўлиши мумкин.
– Йўқ, йўқ, у турмушга чиқмаган. Қўшнимиз кекса чол уни тўрт йил бурун қишлоқдан кетганлигини ва бошқа кўришмаганлигини айтди.
– Сиз уни изламоқчимисиз?
– Ҳа, уни тезда топаман деган умидли ўй билан яшаяпман, – у шундай дея медальонни маҳкам бағрига босди.
– Синфдошим дедингизми? – аёл энди унга бироз кинояли тикилди, – ёши ҳам сиз билан тенгдир.
– Ҳа, яқинда 38 ёшга тўлади.
– Ҳи-ҳи, – аёл кулиб юборди, – мен қатори экан-да. Дугонам каби.
Бу билан аёл унга умид қилиш кулгили эканлигини, бундай ёшдаги қиз унга энди мутлақо тўғри келмаслигини уқтириб писанда қилмоқчи эди.
– Сиз қатори, ҳа-ҳа, – йигит кўзлари энди аёлга беихтиёр қадалди. Гўё унинг қиёфасида ўзи учун қадрдон бўлган чеҳранинг шу ёшдаги тимсолини гавдалантирмоқда эди. Ва бундан кўнгли ҳам ёришаётгандек эдики, хаёлида қанийди, ҳозир Хатира ҳам худди бу аёл каби бир хонадоннинг бахтли бекаси бўлса. Уни ўшанда ҳам севаверардим, севаверардим демоқда эди нигоҳлари.
Шу пайт катта чинни лаганларда ош кўтариб кириб келган ошпаз ва уй эгаси улар суҳбатини бутунлай бошқа томонга буриб юбордилар.
***
Ибрат яшайдиган меҳмонхонада Венера исмли аёл шу жойда ишлайдиган барча қизларнинг ишбошиси эди, унинг айтгани билан хизматчи қизлар ҳафталик иш кийимлари танлашади ва пардоз қилишади. Пул-дор одамларни этагидан тутиб фойда кўрган ва бир қадар тажриба орттирган бу аёл меҳмонхонада анчадан буён яшаётган Ибрат билан қизиқиб қолди. Уни обдон ўрганиб хорижлик эканлигини билди. Шундан сўнг қўл остида ишлайдиган қизларни гапга солди.